Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу раҳбарлик қилди.

Кун тартибига мувофиқ сиёсат ва минтақавий мулоқот соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бугунги кунда очиқ мулоқот ва ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон-Америка кўп қиррали ҳамкорлигининг жадал ривожланиши мамнуният билан қайд этилди.

Бундан ташқари, Америка томони Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Ўзбекистон жиддий муаммоларга қарамай, президент Ш.М. Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан ва жуда муваффақиятли ислоҳотлар йўлида давом этаётгани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Америка томони ислоҳотлар дастурини, шу жумладан иқтисодиёт, таълим ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларида илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Делегациялар, шунингдек, асосий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорликни муҳокама этди ва Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратди.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонга «5+1» дипломатик платформасида фаол иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди ва ушбу форматнинг муаммоларни биргаликда ҳал қилиш ва янада обод ва хавфсиз Марказий Осиёни барпо этишдаги аҳамиятини таъкидлади.

«Иқтисодий ривожланиш» сессиясида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама этилди. Рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт, сув ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича ташаббуслар кўриб чиқилди. Иштирокчилар икки мамлакат компаниялари дуч келаётган муаммоларни самарали ҳал этиш юзасидан фикр алмашдилар.

2023 йил Самарқандда АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ва инвестициялар бўйича доиравий шартномаси (TIFA) кенгаши мажлисига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар TIFA иқтисодий кун тартибини шакллантириш учун ҳар икки томоннинг идоралари иштирокида доимий ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Америка томони ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонга ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлиги ҳақида хабар берди.

«Инсон ўлчови» сессияси давомида АҚШ вакиллари Ўзбекистонда демократик институтларни мустаҳкамлаш, сўз ва дин эркинлигини ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва гендер тенглигини таъминлаш борасида эришилган ютуқларни ижобий таърифлади.

Шунингдек, томонлар маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. АҚШ ҳукумати мамлакатда таълим сифатини ошириш, ўқув базасини такомиллаштириш ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни мамнуният билан қабул қиляпти. Таълим соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди. Илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мажбурияти тасдиқланди. Соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, IT, қишлоқ хўжалиги, сейсмология ва бошқалар истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашув якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди.