Ушбу платформа барқарор, хавфсиз ва ишончли критик минераллар таъминот занжирларининг келажагини муҳокама қилиш учун халқаро ҳамкорларни бирлаштирди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон мазкур соҳада катта салоҳиятга эга бўлиб, уни транспарентлик, экологик масъулият ва юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқариш каби энг юқори халқаро стандартлар асосида ривожлантиришга содиқдир.
Ташқи ишлар вазири мамлакатнинг халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, таъминот занжирларининг барқарорлигини мустаҳкамлаш ва тоза энергетикага ўтишни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишга тайёрлигини тасдиқлади.
Марко Рубио билан бўлган учрашувда икки томонлама кун тартиби билан бир қаторда глобал даражадаги энг долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, яқинда ташкил этилган Тинчлик кенгаши можаролардан жабр кўрган ҳудудларда барқарорлик ва фаровонликни илгари суришда самарали платформага айланаётгани, миллионлаб инсонларга хавфсиз ва муносиб келажакка умид бағишлаётгани таъкидланди.
Томонлар умумий муаммоларни ҳал этиш, халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни илгари суриш мақсадида ҳамкорликни давом эттиришга умумий содиқликни тасдиқладилар.
Бахтиёр Саидов, шунингдек, АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау билан ҳам учрашув ўтказди. Музокаралар асосан олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш, шунингдек, янги истиқболли лойиҳалар доирасини кенгайтириш масалаларига қаратилди.
Шу билан бирга, 2026 йилга мўлжалланган икки томонлама муносабатлар кун тартиби юзасидан фикр алмашилиб, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга умумий интилиш тасдиқланди.
Учрашув якунида Бахтиёр Саидов ва Кристофер Ландау Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамда Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати ўртасида критик минераллар ва камёб ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида таъминот ишончлилигини таъминлаш бўйича Ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.
«Биз критик минералларни нафақат иқтисодий имконият, балки масъулиятли ҳамкорлик ва узоқ муддатли барқарор ривожланиш соҳаси сифатида кўрамиз», — деди вазир.