Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари У.Азамов хорижий ҳамкорлар билан мамлакат сайёҳлик салоҳияти ва республикада туризмни ривожлантириш, пандемия даврида хусусий секторни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, сайёҳларни қабул қилиш учун яратилган шарт-шароитлар, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, логистика, туризм хизматларини диверсификация қилиш каби масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Республикасининг Беларусдаги элчихонаси маслаҳатчиси Р.Назаров тадбирдан мақсад ҳар иккала давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш заруратини алоҳида қайд этиб ўтди.
Шу билан бирга, видеоконференцияда туризм соҳасидаги ҳамкорликка доир тақдимотлар ва видеороликлар намойиш этилди, мамлакатда ривожланиб бораётган туризм турлари, хусусан, маданий-тарихий, зиёрат, гастрономик, эко-, агро, қишки ва этнотуризм йўналишлари салоҳияти кенг ёритиб берилди.
Ўзбекистон томонидан форум иштирокчиларига республикамизда халқаро стандартларга жавоб берувчи санитария-эпидемиология хавфсизлигининг янги «Uzbekistan. Safe Travel GUARANTEED» тизими асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан Беларусдан келган хорижий меҳмонларнинг хавфсиз бўлишини таъминлаш чоралари тўғрисидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни туризмнинг барча йўналишлари бўйича янги босқичга олиб чиқиш ҳамда амалий ишларни жадал суръатларда давом эттириш кераклиги таъкидланди.
Бухоро вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси вакиллари «Зиёрат туризм салоҳияти Бухоро вилояти мисолида» мавзусидаги тақдимоти билан қатнашиб, Ўзбекистон зиёрат туризм салоҳияти ҳамда вилоятларнинг инфратузилма ҳолатларини яхшилашга доир олиб борилаётган инвестицион лойиҳалар ҳақида маълумотлар беришди.
«Ҳамкорликни ўзаро манфаатли равишда йўлга қўйиш, туризм соҳасидаги хизматлар истеъмолини тез муддатда пандемиягача бўлган туристик алмашинув даражасига тиклаш олдимиздаги энг муҳим вазифалардан ҳисобланади», - деди Беларус Республикаси Спорт ва туризм вазири ўринбосари М.Портной.
Онлайн учрашув давомида «Минск шаҳри ахборот Маркази» бошлиғи А.Русакевич ва Беларус Республикаси Туризм индустрияси директори ўринбосари Д.Морозова томонидан Ўзбекистон ва Беларус ўртасида ҳамкорликнинг янги имкониятларига бағишланган тақдимотлари намойиш этилди ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда икки мамлакатнинг туристик салоҳиятини биргаликда тарғиб этишга тайёрлигини билдиришди.
Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада тарғиб қилиш ва батафсил маркетинг қадамларини ишлаб чиқиш, шунингдек, икки мамлакат сайёҳлик бизнеси ўртасида Б2Б форматида мунтазам алоқаларни йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
«Uzbekistan Airways» АЖнинг Минск шаҳридаги вакили У.Исаев томонидан бугунги кунда Беларус сайёҳлари ва гуруҳ бўлиб саёҳат қилувчилар учун авиакомпания томонидан махсус тарифлар жорий этилганлиги таъкидланди.
«SENTRKURORT» республика унитар корхонаси вакили томонидан Ўзбекистонлик сайёҳларга Беларусиядаги дам олиш масканларининг кенг имкониятлари ва ўзбек саёҳатчиларини саёҳатга таклиф этиш орқали ҳамкор давлатлар ўртасидаги ўзаро сайёҳлик оқими тез орада ошишига умид билдирди.
Видеоконференция якунлари бўйича томонлар туризм соҳасида ҳамкорликни, туристлар оқимини кўпайтириш, авиапарвозларни қайта тиклаш ва кенгайтириш, Ўзбекистон сайёҳлик ташкилотлари ўртасида мунтазам мулоқот ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон ва Беларус туризм бизнесини янада фаолроқ қўллаб-қувватлашга келишиб олди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.