Икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналар ходимлари, парламентлар депутатлари, “ақл марказлари” экспертлари, сиёсий ва ишбилармон доиралари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган конференцияда ўтган вақт давомида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари доирасида эришилган натижалар таҳлил қилиниб, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича сиёсат, хавфсизлик, савдо, технология, инновация, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, конференцияда Ўзбекистон томондан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар Қўмитаси раиси Дилором Файзиева, Олий ва Ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Акром Неъматов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Элчиси Набижон Касимов ва бошқа вазирлик ва идоралар вакиллари Германия томонидан Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича вакили Матиас Люттенбергь, Германия Бундестагининг “Германия – Марказий Осиё” депутатлик гуруҳи раиси Манфред Грунд, Конрад Аденауэр жамғармаси бошқаруви раиси Норберт Ламмерт, Фридрих Эберт жамғармаси бошқаруви раиси Мартин Шульц ҳамда ушбу жамғармаларнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбарлари ва бошқа Германиянинг етакчи маҳаллий ва хорижий ташкилотларидан вакиллар Ўзбекистон ва Германия муносабатларининг турли соҳаларига оид маърузалар билан иштирок этдилар.

Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз маърузасида Германия дунёнинг юксак ривожланган, улкан савдо-иқтисодий ресурслар, кенг инвестицион салоҳият ва илғор технологик ишланмаларга эга давлатлардан бири ҳисобланиши, шу боисдан, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган дастлабки йиллардаёқ – 1992 йил 6 мартда Германия билан фаол дипломатик муносабатлар ўрнатганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Ўтган йиллар мобайнида Европанинг энг ривожланган ушбу илғор давлати билан ўзаро ҳамкорлик қирралари тобора кенгайиб борди. Айниқса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20-22 январь кунлари расмий ташриф билан Германияда бўлиши икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб, янги мазмун-моҳият касб этиб бораётгани, сиёсий мулоқотлар фаоллашаётгани ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари янгича тус олаётганини яққол кўрсатди.

Ўз навбатида, Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 2019 йил 27-29 май кунлари мамлакатимизга ташрифи икки давлат ўртасидаги ўзаро тенг манфаатлар асосидаги ҳамкорликнинг бир янги уфқини очди.

Эътироф этиш жоизки, бугунги кунда “Тараққиёт стратегияси” маркази Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЦ), Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Германия парламенти ўртасида доимий мулоқот йўлга қўйилган. Жумладан, 2019 ва 2021 йилларда Марказ экспертларининг Германия парламентига ташрифи ташкил этилган бўлса, 2021 йил октябрь ойида “Тараққиёт стратегияси” марказида германиялик депутатлар билан учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди.

Айни кунда, мамлакатимизда Германия сармояси иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 200 дан ортиқни ташкил этмоқда. Уларнинг 77 таси юз фоиз немис капитали ҳисобига ташкил этилган. Ўзбекистон миллий банки Германиянинг 57 та банки билан алоқа ўрнатган. Тошкентда “Дойче-банк” бўлими ташкил этилган.

2021 йилда икки давлат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 762 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этгани ва Германияга экспорт ҳажми 4,1% га ошгани ҳам ҳамкорлик алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб бораётганига яққол далилдир.

Мухсинжон Холмухамедов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари:

— Германия Федератив Республикаси мамлакатимизнинг муҳим савдо шериги ҳисобланади. Ўзаро савдо ҳажми сўнгги йилларда жадал ривожланди ва 2020 йилда қарийб 714 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Таниқли немис инвесторлари МАН, Кнауф ва Клаас каби йирик компаниялар бугунги кунда мамлакатимизда ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Шу билан бирга, Германия Ўзбекистоннинг энг юқори 6 та импорт ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистоннинг экспорт маҳсулотлари бозори қаторида эса энг юқори 18 – ўринни эгаллайди. 2017 йилга нисбатан Ўзбекистаннинг жами экспорт ҳажми деярли икки баробарга ўсган ва бу кўрсаткич 32,4 млн АҚШ долларидан 62,2 млн АҚШ долларига етди. Шу ўринда импорт ҳажми ушбу муддатда 1.6 баробарга ошди ва 587 млн АҚШ долларидан 927,5 млн АҚШ долларига етди.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан бугунги кундаги икки давлат раҳбариятининг мунтазам мулоқотлари ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг салоҳияти ва имкониятлари кенглигидан далолат беришини таъкидладилар.

Хусусан, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқалар бугун халқаро майдонда ҳам ишончли, муҳим ва узоқ муддатли ҳамкорлар сифатида эътироф этилмоқда. Икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари – сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларга доир устувор йўналишлар ва долзарб вазифаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши эса, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади.

Жумладан, давлатларимизнинг БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотлар доирасида глобал ва минтақавий масалалар бўйича позицияси бир хил экани, Тошкент ва Берлин кўплаб масалалар, хусусан терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича якдил қарашларга эга экани халқаро майдонда ҳам самарали ҳамкорлик қилиш имконини бермоқда.

Комилжон Каримов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазири ўринбосари:

— Мамлакатларимиз ўртасидаги таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришда Германия академик алмашинув хизмати (ДААД)нинг ролини алоҳида таъкидлаш лозим. ДААД йўналиши бўйича Ўзбекистон фуқаролари учун ҳар йили 40 тагача стипендия ажратилади. Албатта, биз ўзбек ёшлари учун ДААД стипендиялари сонини оширишдан манфаатдормиз.

Ўзбекистоннинг 40 дан ортиқ олий ўқув юртлари Германиянинг 55 дан ортиқ олий ўқув юртлари ва илмий-таълим ташкилотлари билан 114 та ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва меморандумлар доирасида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошриб келмоқда.

Шунингдек, 2021 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” университетининг ташкил этилиши ҳам Германия ва Ўзбекистон таълим соҳасидаги ҳамкорлик лойиҳаларидан бири саналади. Бугунги кунда янги ташкил этилган университетда Германиянинг Мюнхен Техника Университети стандартлари асосида таълим дастурлари юқори даражада амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, юртимизда истиқомат қилиб келаётган 8 минг нафардан зиёд немис миллатига мансуб фуқароларни бирлаштирувчи “Видергебурт” немис маданият маркази, “Ўзбекистон – Германия” дўстлик жамиятлари немис маданияти ва анъаналарини сақлаш, асраб-авайлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар, Германия академик алмашувлар хизмати (DAAD) ваколатхоналари, Гёте институти ва бошқа қатор ташкилотлар фаолияти изчил йўлга қўйилган.

Дўстона мулоқот шаклида бўлиб ўтган конференция якунида икки мамлакат иштирокчилари томонидан кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, муваффақиятли келишувларни давом эттиришга келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати