Сафар давомида туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасида чартер рейсларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро туризм университети билан ўзаро тажриба, мутахассислар ва адабиётлар алмашувини йўлга қўйиш хусусида сўз юритилди. Греция маданият марказида Ўзбекистондаги юнон диаспораси учун беғараз асосда тил курсларини ташкиллаштириш борасида фикр алмашилди.
Греция Маданият ва спорт вазири ўринбосари Лефтерис Aвгенакис билан Ўзбекистон ҳамда Греция ҳукуматлари ўртасида тузилган 2006-2009-йилларда таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик дастурини қайта имзолаш, мазкур соҳаларда ходимлар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, турли спорт тадбирлари, хусусан ралли бўйича мусобақалар ўтказиш ҳамда давлат-хусусий сектор шериклиги бўйича Греция тажрибасини ўрганиш, уни татбиқ қилишга доир келишувга эришилди.
Aфинага ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан Греция Республикаси Савдо-саноат палатаси, Греция сайёҳлик ва туристик агентликлар ассоциасияси, Греция-Евроосиё Иттифоқи, Греция меҳмонхоналари кенгаши, “Aegean Airlines” авиакомпаниси, "“KAD 12 Sports Tips” каби ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари юзасидан музокаралар ўтказилди.