Суҳбат сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг энг долзарб масалаларини муҳокама қилиш имконини берди.
Ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларида ишга солинмаган имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан томонлар ўзаро муносабатларни ривожлантириш механизмларини ишлаб чиқиб, яқин ва ўрта муддатли истиқболда аниқ вазифаларни белгилаб олдилар.
Хусусан, Канада молия ва саноат компанияларини Ўзбекистонга инвестициялар киритиш ва лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. Ўзбекистоннинг тоғ – кон, кимё, нефть-кимё ва тўқимачилик саноати, шунингдек қишлоқ хўжалиги каби соҳалари Канада бизнеси учун истиқболли йўналишлардир.
Ўзаро савдони ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилди. 2021 йилда Ўзбекистон-Канада товар айланмаси 40 фоизга ошгани таъкидланди ва шу муносабат билан томонлар ўзаро етказиб беришни диверсификация қилиш ва кўпайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олди.
Шу нуқтаи назардан, жорий йилда Ўзбекистон-Канада бизнес-форумини, шунингдек, иккала мамлакатда «Made in Uzbekistan» ва «Made in Canada» саноат кўргазмаларини ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни, Канада томонининг БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси доирасидаги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишдаги иштироки, икки мамлакат ҳудудлари, хусусан, Тошкент вилояти ва Онтарио провинцияси, Навоий вилояти ва Квебек провинцияси, шунингдек, Қашқадарё вилояти ва Алберта провинцияси ўртасидаги яқин алоқалар ва манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.