Мулоқотда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспорт-импорт масалаларида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш бўйича қатор йўналишларда музокаралар бўлиб ўтди.

Бизнес мулоқотда нафақат чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тайёр маҳсулотларни Корея бозорига олиб кириш масаласи кўриб чиқилди. Балки, заргарлик, текстиль, электротехника, қурилиш, парфюмерия, фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, дунёга машҳур LG компанияси таркибидаги «Ohui Bukmun» косметика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компания Тошкент шаҳрида жойлашган «San+One» компанияси билан Ўзбекистон пойтахтида корейс косметика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дастлабки келишувга эришди. Компания раҳбари апрель ойида Тошкентга ташриф буюриб, лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолашни режалаштирган.

Бизнес мулоқот сўнгида Корея компанияларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюриб, ҳар бир соҳа бўйича ҳамкорликнинг келгуси истиқболларини белгилаб олиши юзасидан қарор қабул қилинди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.