Конструктив мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни кенгайтиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Савдо, саноат кооперацияси, рақамлаштириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида Эркин савдо тўғрисидаги битим юзасидан келишиш жараёнини якунига етказишни жадаллаштиришга келишиб олдилар. Ушбу қадам икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши ҳамда Ўзбекистон-Корея савдо айланмаси ҳажмини сезиларли даражада ошириши қайд этилди.
Шунингдек, EDPF Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Электротехника, биофармацевтика, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа соҳаларда янги инновацион лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш, шунингдек, келгусида амалга ошириш учун энг истиқболли юқори технологияли лойиҳаларни белгилаш мақсадида Жамғарма ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат икки томонлама ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.
Қишлоқ хўжалиги, газ-кимё саноати ва бошқа устувор соҳалардаги бир қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Алоҳида тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига бўлажак ташрифига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Янги инвестициявий ва савдо битимларини амалга оширишга доир таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишилди.
Учрашув якунида томонлар ҳукуматлараро даражада мунтазам ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. Бу икки томонлама муносабатлар масалалари устида тезкор равишда ишлаш ҳамда ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтириш бўйича янги таклифлар билан узлуксиз алмашиб туриш имконини беради, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.