Музокаралар кун тартибидан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш борасидаги кейинги қадамлар, шунингдек, «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция доирасида режалаштирилган қатор икки томонлама тадбирларни ўтказишга тайёргарлик масалалари ўрин олди.

Покистон Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётгани ва устувор йўналишлар бўйича алоқаларни фаоллаштириш учун улкан имкониятлар кўраётгани таъкидланди.

Шунингдек, Покистон ишбилармонлар ҳамжамиятининг Ўзбекистонда бизнес юритишга бўлган қизиқиши юқори экани, шу муносабат билан Покистон тадбиркорлари, саноатчилари ва банк сектори вакилларидан иборат йирик делегация ўзбекистонлик салоҳиятли ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида юртимизга ташриф буюриши қайд этилди.

Томонлар инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича қатъий келишувларни инобатга олган ҳолда, тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва аниқ натижаларга эришиш учун икки томон ҳамкорларининг бевосита учрашувларини ташкил этишга кўмаклашишга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.

Музокаралар якунида савдо, инвестиция, транспорт, энергетика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация бўйича аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, келгуси тадбирлар кун тартибини амалий мазмун билан бойитиш мақсадида таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, фан ва маданият соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга келишиб олинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.