Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Қозоғистон томони икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқотларнинг ишинчли хусусиятини, бу икки давлат ўртасидаги барча даражадаги икки томонлама стратегик муносабатлар учун мустаҳкам пойдевор эканлигини таъкидлади. Суҳбат чоғида ўзаро шерикликнинг барча йўналишлари бўйича икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга содиқлик билдирилди.

Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр билан энергетика, машинасозлик, тўқимачилик тармоғи, саноат кооперацияси, тоғ-кон саноати, трансчегаравий сув ҳавзаларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.

Халқаро саноат кооперацияси марказини (ХСКМ) ташкил этиш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини, жумладан, Қозоғистон Республикасига юқори даражадаги ташриф якунлари бўйича «Йўл харитаси» билан тасдиқланган умумий қиймати 3,3 миллиард долларлик 34 та лойиҳа ва 37 та янги 2,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Тасдиқланган тармоқ жадваллари асосида лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ва келгусида ҳаётга жорий этиш, шунингдек, истиқболли инвестиция лойиҳаларини ХСКМ ҳудудида жойлаштириш юзасидан ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Бош вазир ўринбосари – савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин билан суҳбатда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, трансчегаравий ва минтақавий транспорт-логистика йўлакларини кенгайтириш бўййича аниқ амалий чора-тадбирларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Қозоғистондаги давлат харидларида иштирок этиши, шунингдек, икки мамлакат экспортёрлари томонидан гўшт ва гўшт маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни соддалаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашувлар якунида муҳокама этилган лойиҳа ва ташаббусларни жадал амалга ошириш доирасида масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди, шу билан бирга бу йилги Ҳудудлар форуми ҳамда Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказишнинг барча ташкилий масалалари кўриб чиқилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.