Бугун  Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига “Jazeera Airways” авиакомпаниясининг Қувайт-Тошкент йўналишида янги рейсини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туризм ва спорт вазирлиги раҳбарияти, “Jazeera Airways” авиакомпанияси ижрочи директори Роҳит Рамачандран ҳамда авиакомпания масъуллари, шунингдек, юртимиз ОАВ вакиллари иштирок этди.

– Биз бугун “Jazeera Airways” авиакомпаниясининг Қувайт-Тошкент йўналиши бўйича илк рейсини кутиб олдик. Ушбу рейс билан биз Ўзбекистон туризм бозорида янги бозор очдик. Ўйлаймизки, эндиликда нафақат Қувайтдан, балки мазкур авиакомпания орқали бошқа Яқин Шарқ мамлакатларидан Ўзбекистонга сайёҳлар кириб келади, – деди Туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов. – Қувайт нефт ва газ захиралари бўйича жаҳоннинг етакчи ўринларида туради. Кўп соҳаларда салоҳиятли давлат ҳисобланади. Қувайт-Тошкент авиайўналиши нафақат туризмга хизмат қилади, балки Қувайтдан юртимизга инвестиция олиб келишга ҳам катта туртки бўлади, деб ўйлаймиз. Айни пайтда ушбу авиакомпания билан реклама ва маркетинг бўйича ҳамкорлик келишувларимиз амалга ошяпти. Келаси мавсумдан нафақат Тошкент, балки юртимизнинг бошқа йирик шаҳарларига ҳам рейслар қўйилиши кутилмоқда. 15 га яқин А320 ва А 320 neo самолёти мавжуд “Jazeera Airways” авиакомпанияси сифатли, арзон ва қулай парвозларни таъминлайди. Авикомпания Яқин Шарқ давлатлари орасидаги ўз терминалига эга хусусий ягона компания ҳисобланади.

“Jazeera Airways” авиакомпанияси ижрочи директори Роҳит Рамачандраннинг таъкидлашича, мазкур янги йўналиш Қувайт ва Ўзбекистон учун янги имконият эшикларини очади. Келажакда Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам тўғридан-тўғри рейслар қўйилади.

Мазкур йўналишдаги парвозлар ҳафтада икки марта амалга оширилади.