Бугун вазир Иброҳим Абдураҳмонов Тожикистон Республикаси Таълим ва фан вазири Раҳим Саидзода билан расмий учрашув ўтказди.

Унда томонлар қўшма илмий танловлар лойиҳаларини ўтказиш, талаба ва ёш олимларнинг академик алмашинувини йўлга қўйиш, ёшлар ўртасида стартап лойиҳаларини амалга ошириш, рақамлаштириш соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, нанотехнология, геология, биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа соҳаларда чуқур тадқиқотларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Форум иштирокчилари дастлаб Тожикистон олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион соҳадаги ютуқлари акс эттирилган кўргазма билан танишишди. Унда университет ёш олимлари томонидан яратилган илмий ишланма ва ихтиролар ўрин олган. 

Форумнинг очилиш маросида икки давлат вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Форумнинг ялпи мажлисида икки давлат олий таълим муассасалари ректорлари ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва истиқболдаги режаларга бағишланган маърузалари билан иштирок этишди ҳамда якуни бўйича мамлакатлар олий ўқув юртлари ўртасида 30 га яқин битим, англашув меморадуми ва йўл хариталари имзоланди.

Уларда Тожикистон олий ўқув юртлари билан кимё технология, энергетика, машинасозлик, саноат технологияси, биотехнология, ирригация ва сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, фармакология, фармацевтика каби соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида, бугунги кунга қадар икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик бўйича 65 дан ортиқ шартнома ва меморандум мавжуд. Айни пайтда юртимизнинг 5 та олий ўқув юртида таълим тожик тилида олиб бориладиган мактаб, лицей ва олий ўқув юртлари учун кадрлар тайёрланмоқда.