Тадбирда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари, шунингдек, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари қатнашдилар. Йиғилиш кун тартибига савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, банк-молия, илмий-технологик, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари киритилди.

Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг стратегик хусусиятини қайд этган икки мамлакат делегациялари раҳбарлари қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш, шунингдек, ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштириш борасидаги қўшма ишларнинг долзарблигини таъкидладилар.

Учрашувда энергетика, транспорт, таълим, маданият ва туризм вазирликлари раҳбарлари ўз ҳисобот ва тақдимотлар билан сўзга чиқдилар ҳамда тегишли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш йўллари тўғрисидаги тасаввурлари билан бўлишдилар. Конструктив фикр алмашинуви ўзаро манфаатларнинг кесишиш нуқталарини аниқлаш ва амалий ҳамкорликни фаоллаштириш учун аниқ қадамларни белгилаш имконини берди.

Учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги инвестиция, савдо-иқтисодий, транспорт ва транзит, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Хусусан, яқин келажакда томонлар Имтиёзли савдо тўғрисидаги келишув лойиҳасини тасдиқлаш бўйича ишларни якунлаши кутилмоқда. Битим шу йил ўтказилиши режалаштирилган Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши чоғида имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, томонлар айрим товар позицияларига нисбатан ўзаро савдодаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ўзбек ва турк маҳсулотларининг икки мамлакат бозорларига ўзаро киришига кўмаклашиш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича қатор амалий чора-тадбирларни амалга оширадилар.

«Хитой – Марказий Осиё – Кавказ – Европа» транспорт йўлагининг юк билан таъминланганлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишга оид саъй-ҳаракатлар бирлаштирилади. Бу ўзаро савдони ривожлантириш ва минтақанинг транзит салоҳиятини юксалтиришга қаратилган қўшимча шарт – шароитларни шакллантиради.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Грузия темир йўл ташкилотлари томонидан имзоланган «Транзит тарифларига чегирмалар тақдим этиш тўғрисида»ги шартномага Туркия Давлат темир йўл корпорациясининг қўшилиши ҳақидаги қарор қабул қилинишини тезлаштиришга келишиб олдилар.

Учрашув доирасида Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Туркия Республикаси Савдо вазирлиги ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, аккредитация ва метрология соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат Қўмитаси билан Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ўртасида балиқчилик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим, «Ченгиз Энерджи» компанияси билан Сирдарё вилоятида 240 МВт қувватга эга комбинациялашган циклли буғ-газ электр станциясини қуриш бўйича инвестициявий Битим ва «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан электр энергиясини сотиб олиш бўйича тегишли келишув имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.