Сафар давомида компания вакиллари Ўзбекистонда етиштирилаётган заъфарон маҳсулоти экспорти географиясини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш бўйича испан компаниялари билан музокаралар ўтказди, дея хабар беради “Дунё” АА.
“BMB Trade Group” вакиллари Испаниянинг энг йирик заъфарон етиштирувчи ҳудуди — Кастилья Ла Манча автоном ҳамжамиятига ташрифи давомида Вильярробледо шаҳрида жойлашган йирик заъфарон етиштирувчи ва сотувчиси ҳисобланган “Desbrin Azafran” компанияси раҳбарлари билан учрашди.
Испан компаниясининг заъфарон плантациялари, уни қайта ишлаш ва қадоқлаш қувватлари билан яқиндан танишилди ва тажриба алмашилди. Музокаралар чоғида хорижлик мутахассислар “BMB Trade Group” томонидан ишлаб чиқарилаётган заъфарон сифатини юқори баҳолаб, ушбу маҳсулотни сотиб олишга қизиқиш билдирди. Корхона раҳбари Карлос Фернандес Сеговиянинг айтишича, Ўзбекистон заъфарони Европа бозорлари талабларига тўлиқ мос келади.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар мамлакатимизнинг Мадрид шаҳридаги элчихонасида «Xporting Goods Europe, S.L.» экспорт-импорт компанияси раҳбари Хосе Луис Морсильо Родригез билан музокаралар ўтказди.
Учрашув чоғида Испаниянинг улгуржи озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилувчи компаниялар ва йирик ритейлер-супермаркетлар тузилмаларига «BMB Trade Group» томонидан ишлаб чиқарилаётган заъфаронни етказиб беришни йўлга қўйиш масаласида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича дастлаб келишувларга эришилди.