Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мурод Содиқов маълум қилди.
Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:
- газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
- ностандарт (қўлбола ясалган) иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
- иситиш печлари дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
- ҳаво алмашмайдиган хоналарда очиқ оловдан фойдаланиш;
- шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.
Шунингдек, мутахассислар томонидан таҳлиллар олиб борилганда, ёнғинларнинг 36,3 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 27,1 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 13,6 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 9,9 фоизи болалар шўхлиги оқибатида, 3 фоизи газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, шунингдек, 31 таси газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашидан содир бўлган.
Қайд этилишича, айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан бўлиб, аянчли оқибатларга олиб келган.