Жорий йилнинг 19 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ҳукумат соати»да Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов Ўзбекистондаги ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уйларни куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, республикада жами 39 691 та кўп квартирали уй-жой мавжуд бўлиб, шундан 20 837 таси марказлашган ва индувидуал (икки контурли) иссиқлик тизими таъминоти ҳамда қолган 18 854 таси альтернатив усулда, яъни қўлбола печлар, голланд печлари, иссиқ сув колонкалари, электр иситгичлар ёки бошқа турдаги лойиҳасиз иситиш тизимидан фойдаланиб келмоқда.
Шунингдек, 2022-2026 йилларда дастлабки қиймати 2,5 трлн сўм бўлган лойиҳаларни амалга ошириш, бунда 60 та янги қозонхона ва 290 км иссиқлик тармоқларини қуриш режалаштирилмоқда.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда 2023 йилда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Унга кўра, 15 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, бунда 14 та қозонхона ва 119 км иссиқлик тармоқларида модернизасия ва реконструкция ишлари амалга оширилади. Хусусан, 5 та қозонхона ва 23 км иссиқлик тармоқлари қурилади, 9 та қозонхона ва 96 км иссиқлик тармоқларида реконструкция ва модернизасия ишлари амалга оширилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра лойиҳаларнинг жами қиймати 395 млрд сўм ташкил этади.
Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида, 25 мингга яқин хонадондан иборат 525 та кўп квартирали уй ва 62 та ижтимоий соҳа объекти сифатли ва узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминланади. Натижада, 42 млн м3 табиий газ ёки 60 млрд сўм маблағлари иқтисод қилинади.
Иссиқлик таъминоти тизимига замонавий технологияларни жорий этиш мақсадида газ танқислиги бўлмаган ҳудудлар, яъни Бухоро, Нукус, Урганч, Қувасой ва Фарғона шаҳарларидаги қозонхоналарга когенерасия технологияларини қўллаш кўзда тутилмоқда.Иссиқлик таъминоти тизимига инвестисия киритиш орқали йилига 75 млрд сўмлик иссиқлик энергияси билан бирга 365 млрд сўмлик электр энергияси ишлаб чиқарилиб, лойиҳа 19 йилда ўзини оқлайди. Натижада, 42 минг та ҳонадондан иборат 1 102 та кўп квартирали уйлар ва 134 та ижтимоий соҳа объектлари узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминланади.
Ўз навбатида, иссиқлик таъминоти соҳасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер жараёнларига кўмаклашиш бўйича консультатив хизматлар кўрсатиш мақсадида, Осиё тараққёт банки ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ўртасида қиймати 450 минг АҚШ долларни ташкил этувчи шартнома меморандуми имзоланди.