Тадбирда Атлантика Кенгашининг Евроосиё маркази директори Жон Хёрбст, “Америка Овози”нинг ўзбек хизмати бошловчиси Навбаҳор Имамова, Пицбург университетидаги Бошқарув ва бозорлар маркази асосчиси Доктор Женнифер Брик Муртазашвили, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси катта иқтисодчиси Винаяк Нагараж ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.

1961 йилда ташкил этилган Атлантика Кенгаши бугунги кунда нуфузли ташкилот бўлиб, глобал муаммоларни ҳал этиш, хусусан, сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича муҳим мавзуларда муҳокамалар ва ўрганишлар ташкил этиб, тўпланган маълумот ва таҳлилларни ўз нашрларида чоп этиб келади.

Шу боисдан, навбатдаги Ўзбекистонда амалга оширилган ва ошириладиган ислоҳотларга бағишланган тадбир ҳам қизғин мунозаралар ва фикрларга бой бўлди. Унда модераторлик қилаётган элчи Хёрбст “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

Жумладан, дастлабки берилган савол Ўзбекистоннинг ички сиёсатида қўлга киритилган асосий ютуқларга қаратилди. Ушбу саволга жавобан Элдор Туляков Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар деярли барча соҳаларни қамраб олганлиги, ушбу ўзгаришларнинг кўпчилигидан тадбир иштирокчилари ҳам хабардор эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, халқ билан мулоқот қилиш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини бартараф этиш борасида қилинган ишлар, фуқароларга кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш мақсадида ташкил этилган Давлат хизматлари агентлиги фаолияти, валюта бозорининг либераллаштирилиши, прописка тизимини бекор қилиниши ва фуқароликни бериш тартиби ислоҳ қилингани ва ташқи сиёсатда салмоқли ютуқларга эришилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Мулоқот давомида экспертлар Ўзбекистон олдида турган устувор вазифа ва мақсадлар билан ҳам қизиқишди ва шундан келиб чиқиб ички сиёсатда келажакда амалга ошириладиган ишларга оид савол билан юзланишди.

Унга жавобан Марказ раҳбари энг аввало деярли барча соҳаларда бошланган ислоҳотлар давом эттирилиши, хусусан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносабати билан бўлиб ўтган сайловолди учрашувларида фуқаролар томонидан билдирилган асосли фикр ва таклифлар инобатга олиниши, шунингдек, яқинда чоп этилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли китобда белгилаб берилган вазифалар изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилишини таъкидлади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанснинг асосий пойдевори бўлган таълим соҳасидаги ислоҳотларга янада кўпроқ аҳамият қаратилиши, камбағалликни камайтириш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, энергия барқарорлигига эришиш, иқтисодий интеграцияни давом эттириб, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда коррупцияга барҳам бериш энг муҳим вазифалар сифатида санаб ўтилди.

Умуман олганда, тадбир давомида экспертларга бошланган барча ижобий ўзгаришлар янада кенг қамровли ва тез суръатлар билан давом этишини кузатиш мумкинлиги маълум қилинди.

Муҳокамада иштирок этган бошқа иштирокчилар Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлари, сўз эркинлиги, партияларнинг фаоллиги, сиёсий ислоҳотлар, ташқи сиёсат, минтақадаги фаоллик, Афғонистон масалалари каби долзарб мавзуларда фикр алмашишди. Муҳокамани бевосита дунёнинг турли чеккаларидан онлайн кузатиб турган кўплаб иштирокчилар қаторидан мавзуларга оид саволлар ҳам йўлланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

матбуот хизмати.