Шунингдек, умумий қуввати 2 100 МВт га тенг бўлган иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича тендер савдолари эълон қилинган. Шу билан бирга, умумий қуввати 600 МВт га тенг қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича тендер савдолари эълон қилинади.

2017-2021 йиллар давомида энергетика тизимида 3 300 МВт дан зиёд янги қувватлар ишга туширилиб, мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари 14 131 МВтни ташкил қилмоқда. 2021 йил якунига қадар умумий қуввати 1 800 МВтга тенг бўлган иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилади ва ишлаб чиқариш қувватлари 15 800 МВтга етказилади.

Энергетика тизимида катта маблағли йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аммо ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажми қанчалик оширилмасин, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларнинг энергия самарадорлигига эътибор берилмаса, етказиб берилаётган энергия ресурслари «ҳавога учиб кетиши» шубҳасиз.

Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда энергия самарадорлигини ошириш масаласи бугун ҳукуматнинг диққат марказида. Экспертларнинг маълумотларига кўра миллий иқтисодиёт энергия сиғимдорлиги ривожланган мамлакатлар кўрсаткичларидан 2-2,5 баравар юқори.

Агар жаҳонда энергия истеъмолининг қарийб 23 фоизи уй-жой соҳасига тўғри келса, Ўзбекистонда бу рақам 40 фоизни ташкил қилмоқда. Хусусан, Европада 1 квадрат метр учун энергия сарфи йилига 120-150 киловатт-соатни ташкил қилса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 390 киловатт-соатдан ошмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, электр энергиясини ишлаб чиқариш қанчалик оширилмасин, агар унинг сарфини тартибга солмаса йилдан йилга ортиб бораётган талабни қондириш мушкул бўлади. Мисол учун, бугун аҳоли фаровонлиги ошаётганлиги сабабли ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич, кондиционер каби маиший техникалар бор. Баъзида улардан фойдаланиб бўлгач, розеткадан узиб қўйилмайди. Гарчи, улар ўчирилган бўлсада, розеткага уланган ҳолда ҳам электр энергия истеъмол қилаверади.

Биргина оддий телефон қувватлагичини олайлик. У электр розеткасига уланган ҳолда куну-тун қолса, ўртача бир ойда 1,5 кВт.соат, йилига 18 кВт.соат энергия сарфлайди. Республика миқиёсида эса электр тармоғига уланган ўртача 7 миллион хонадонда тассавур қилиб кўринг. Шу боис хонадонларда, ишлаб чиқариш саноатида ва бошқа турли тармоқларда электр энергия тежамкорлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Мутахассисларнинг электр энергия тежамкорлигини таъминлаш мақсадида ўтказган ўрганишларидан маълум бўлишича, ҳозирда Ўзбекистондаги ҳар бир хонадонда (ўртача 7 миллион хонадон электр таъминотига уланган) бир йилда ўртача битта хонадон 400 кВт.соатгача электр энергиясини тежаш имконияти бор. Бу кўрсаткич республика бўйича ўртача 2,8 миллиард кВт. соатга айланади.

Энергетика вазирлиги махсус штаби ходимлари томонидан жойларда ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлик ҳолатлари ўрганилмоқда. Аниқланишича, ҳудудлар бўйлаб айрим ижтимоий соҳа объектларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда энергия тежамкорлик ва энергия самарадорлик ҳолатлари ачинарли аҳволда эканлиги маълум бўлмоқда.

Шу каби бино ва иншоотлар сарфланадиган энергия ресурсларининг катта қисмини исроф қилади. Бунинг натижасида истеъмолчиларга сифатли энергия ресурслари етиб боришига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.