Жамоатчилик билан мулоқотлардан аввал Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида маҳалла раҳбарлари ҳамда хотин-қизлар, ёшлар ва дин уламолари билан маслаҳатлашувлар ўтказилади.
«Ҳукумат Ўзбекистонда COVID-19га қарши эмлашни йўлга қўяр экан, эмлашни тарғиб қилишга маҳаллий жамоаларни жалб қилиш муҳим роль ўйнайди», — деди Санитария-эпидемиология фаровонлиги ва аҳоли саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев. «Мулоқот маҳаллий раҳбарлар учун жамоаларнинг хавотирлари ҳақида гапириш ва аҳоли орасида вакцинага бўлган ишончсизликни бартараф этиш бўйича ечимларни таклиф қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилади».
Жамоа мулоқотларининг дастлабки церийаси кеча Жиззах вилоятида бошланди. Бундай тадбирлар барча вилоятларда маҳаллий етакчилар ва халқ ҳурматига сазовор бўлган шахсларни қамраб олади.
«COVID-19 билан курашиш учун ҳукумат ва халқаро ҳамжамият вакциналарни етказиб берар экан, жамоалар ўз қўрқувлари ва вакцинага нисбатан қатъиятсизликни енгиш орқали эмлатишга сафарбар этилаётгани муҳим аҳамият касб этади», - деди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. «Биз ҳозир иккита пандемиянинг ўртасидамиз: COVID-19 пандемияси ҳамда вирус ҳақидаги нотўғри маълумотлар, фитна ва ноаниқликлардан иборат инфодемия. Жамоалар билан мулоқот этика жиҳатларини эътиборга олган ҳолда ўтказилиб, эмлашга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.»
Жамоа билан мулоқотни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг иммунизация экспертлари олиб боради. Улар COVID-19га қарши эмланиш бўйича жамоаларнинг хавотирларини маслаҳатлашув тариқасида муҳокама қилиб, эмлаш бўйича уларни қизиқтираётган саволларга жавоб берадилар.
«Пандемия ва вакцинация мамлакатнинг ҳар бир фуқаросини ташвишга соляпти, шу боис қарор қабул қилиш жараёнига аҳолининг барча қатламларини инклюзив равишда жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади», — деди «Юксалиш» Умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.
Ўзбекистон, бутун дунё каби, пандемиянинг учинчи тўлқини билан курашар экан, COVID-19га қарши эмланиш ҳақида афсона ва нотўғри маълумотлар муаммоси сақланиб қоляпти.