Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўналишида 59 та илмий-амалий лойиҳа амалга оширилди ва уларнинг натижасида “Оила, маҳалла ва гендер тенглиги” мавзусида бадиий асарларнинг электрон корпуси яратилди. “Бахтиёр оила” веб-портали ишга туширилди, унда оила институтини мустаҳкамлашга оид маълумотлар ва тарғибот материаллари, соғлом авлодни тарбиялаш, оилаларнинг демографик хулқ-атворига хос хизматлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилди.
Мамлакатимизда ва хорижий давлатларда намунали ўзбек оиласи ҳамда маҳалла институтини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўзбек, рус ва инглиз тилларида илк маротаба “Оила маънавияти концептига доир электрон тезаурус” яратилди. Уй шароитида миллий таомлар тайёрлаш орқали оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллаларнинг туристик салоҳиятини ошириш мақсадида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида 3 тадан маҳаллада “Гастро маҳалла” лойиҳаси амалга оширилди.
Ўзбекистонда илк маротаба оилаларнинг бахтлилик индекси ва унинг назарий-методологик асослари яратилди. Аҳолининг турмуш тарзи санитария-гигиена талабларга мослиги масалалари илмий тадқиқ этилди ва ўрганиш натижалари асосида санитария-гигиена талаблари асосида қуриладиган уй-жой макети лойиҳаси яратилди.
«Меҳр дафтари» ишлаб чиқилди ҳамда уни юритиш орқали ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича вақтинчалик тартиб ишлаб чиқилди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача оила институтини янада мустаҳкамлаш концепцияси” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача демографик барқарорлик концепцияси” лойиҳалари устида иш олиб борилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан “Барча меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция” ва Халқаро Меҳнат Ташкилотининг “Уй хизматчилари учун муносиб меҳнат тўғрисидаги 189-сонли конвенция”сига қўшилиш бўйича асоснома тайёрланди.
Жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш мақсадида “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” халқаро, “Ижтимоий бошқарув” республика илмий журналлари ҳамда “Маҳалла ва оила” нашриёти ташкил этилди.