Брифингда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги ПҚ-5140-сон қарори ҳақида маълумот берилди.
Қарорга мувофиқ:
касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолиятини ташкил этиш учун бугунги кунда самарали фойдаланилмаётган 29 та касб-ҳунар коллежлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига берилди.
Шунингдек, 18 та профессионал таълим муассасаларида қисқа муддатли касб-ҳунарга, хорижий тилларга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курслари ташкил этилади.
Натижада, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфида йиллик 65 минг нафар касб эгаллаш истагидаги аҳолини қамраб олиш қувватга эга бўлган 16 та “Ишга марҳамат” мономарказлари, 60 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари (жами 76 та муассаса) фаолият юритади.
Ундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинларида 2021 йилда йиллик қуввати 69,1 минг нафар бўлган ҳамда мураккаб малака талаб этилмайдиган ҳаётий зарур касбларга ўқитиш бўйича 864 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этиш эвазига, уларнинг умумий сони 1000 та ва қуввати 79,5 минг нафар бўлган маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари тизими йўлга қўйилади.
Қарорга асосан амалиёт полигонларини ташкил этиш, ўқув жараёнларни иш ўрнининг ўзида амалга ошириш орқали амалий меҳнат кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш тизимини жорий этиш учун нодавлат таълим ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларига қуйидаги имтиёз ва афзалликлар белгиланди.
а) Касб-ҳунарга ўқитиш марказларидаги бўш турган бино-иншоотлар:
нодавлат таълим ташкилотларига ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга, хорижий тилларга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курсларини ташкил этиш учун 5 йилгача бўлган муддатга текин фойдаланишга берилади;
касб-ҳунарга ўқитиш марказларида таълим бераётган ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига ҳамда тадбиркорлик субъектларига маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун 5 йилгача бўлган муддатга энг кам ставкаларда ижарага берилади;
б) Касб-ҳунарга ўқитиш марказларидаги фойдаланилмаётган ер майдонлари тадбиркорлик субъектларига енгил конструкцияли ўқув хона ва ишлаб чиқариш цехини ташкил этиш учун 10 йилгача бўлган муддатга энг кам ставкаларда ижарага берилади;
в) касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг таълим жараёнидан бўш бўлган спорт майдончаларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектларига берилади.
"Ишга марҳамат" мономарказларида таълим муассасалари, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларига малакали хорижий ўқитувчиларни жалб этиш фаолиятини амалга оширувчи "Ўқув-маслаҳат офислари" ташкил этилади.
хорижий мутахассисларни "Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларига ишга таклиф қилиш билан боғлиқ харажатлар таълим муассасаларида иш бошлагунга қадар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади;
Эндиликда, умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-11-синф ўқувчиларини асосий таълим жараёнларидан бўш бўлган вақтларида касб-ҳунарга ўқитиш ишларини ташкил қилинади.
Бунда мактаблар уларга яқин ҳудудда жойлашган "Ишга марҳамат" мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, масканлар ва қисқа муддатли курслар очилган таълим муассасаларига бириктиради;
"TUMO" халқаро креатив технологиялар марказининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилади.
Бунда "TUMO" халқаро креатив технологиялар марказининг франшизаси, дастурий таъминоти, ўқув дастурлари ва лицензияси асосида ёшларни веб-ишланмалар, графика дизайни, 30-моделлаштириш, рақамли дастурлаш, робототехника, рақамли медиа, видеоўйинлар яратиш йўналишлари бўйича ўқитишни йўлга қўйилади.
Бундан ташқари 2022 йил 1 январга қадар ҳар бир туман (шаҳар)даги секторларда балиқчилик, куёнчилик, паррандачилик, мева-сабзаводчилик, узумчилик, тикувчилик ва хунармандчилик соҳаларида камида биттадан кооперативлар ташкил этилади ва ушбу кооперативларга аъзо бўлган ҳар бир иш билан банд бўлмаган фуқаро учун кооператив устав фондига улуш сифатида киритиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваригача субсидия ажратилади.
Ушбу мақсадлар учун Давлат бюджетидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига қўшимча 200 млрд сўм маблағ ажратилади.