Кўргазмада иқтисодиётнинг нефт-газ сектори, кимё ва фармацевтика, автомобилсозлик ва машинасозлик, электротехника, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва чарм-пойабзал, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Бу ҳақида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси 20 га яқин тадбиркор томонидан тақдим этилган 40 га яқин маҳсулотлар билан иштирок этмоқда. Кейинги йилларда икки давлат ўртасида қурилиш материаллари саноати бўйича ўзаро ҳамкорлик йил сайин ривожланиб бормоқда. Йилдан-йилга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, январь-сентябрь ойларида Озарбайжон давлатига 2,7 млн долларлик қурилиш материаллари етказиб берилган. Хусусан, керамик плитка, базальт толаси, ПВХ профиллари, қуруқ қурилиш қоришмалари каби маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.
Таъкидланишича, пандемия билан боғлиқ мураккаб даврда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари ижобий суръат билан ривожланиб бормоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми икки баробардан зиёдга кўпайди. Шу билан бир қаторда савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало транспорт, энергетика, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Бу эса икки давлат ўртасида яқин дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳудудида Озарбайжон капитали иштирокидаги 178 та корхона фаолият юритади, шундан 63 таси қўшма ва 115 таси 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир. 2021 йил январдан сентябргача бўлган давр мобайнида. мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 73 миллион долларни ташкил этади.