Марказий сайлов комиссиясида “Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти: Янги Ўзбекистон – янгиланган Конституция.” халқаро илмий-амалий конференциясининг хорижий қатнашчилар делегацияси ирштирокида “Ўзбекистонда конституциявий референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев тадбир иштирокчиларига референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ва босқичма-босқич ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Тадбирда қайд этилганидек, парламент палаталарининг биргаликдаги ваколатларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ўз ялпи мажлисларида “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди ва Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш санасини 202-йил 30 апрелга белгиланганди.

“Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис палаталари референдумга киритилган масала матнини маъқуллаб, бўлажак референдум бюллетенида “Сиз “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб шакллантиришга қарор қилди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишлар Марказий сайлов комиссиясига юкланганини алоҳида таъкидлади, давра суҳбати иштирокчиларини мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан таништириб ўтди.

Шунингдек, давра суҳбати иштирокчилари муҳокамасига миллий маърузачиларнинг маърузалари тақдим этилди. «UZINFOCOM» МЧЖ бош директори ўринбосари А.Мансуров сайлов жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш масалалари бўйича, референдум ўтказиш бўйича 14-Тошкент шаҳар ва 8-Сирдарё округ комиссиялари раислари эса референдум ўтказувчи округ комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида сўз юритди.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари МСК томонидан фуқароларни, референдум иштирокчиларини, оммавий ахборот воситалари орқали референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида, овоз бериш муддати ва тартиби, референдумда иштирок этиш ҳаракатлари, Ўзбекистон Республикасининг референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатлари юзасидан хабардор қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништириб ўтди.

Ўз навбатида хорижлик экспертлар ҳам сайлов соҳасидаги халқаро, амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўз фикр ва тавсияларини билдирди. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ айрим масалалар муҳокама этилди.

 Баҳор Хидирова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири