Марказнинг очилиши маросимида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов, Россия Федерацияси Москва шаҳри ҳукумати вазири К.Пуртов, Москва шаҳри «Кўп тармоқли миграция маркази» бош директори С.Балдин иштирок этдилар.
Маълумки, Россия Федерацияси ҳудудида ишлашда талаб этиладиган патентни расмийлаштириш меҳнат мигрантларидан ортиқча вақт ва харажат талаб этади ва мазкур марказ филиалининг Ўзбекистонда очилиши эса Россияда ишлаш истагидаги фуқаролар учун қатор қулайликлар яратади.
Эндиликда патент учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарият қисми «Кўп тармоқли миграция маркази»нинг Ўзбекистондаги филиалида амалга оширилади.
Хусусан, Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни танлаш, касбий малакасини баҳолаш, иш берувчилар билан суҳбатлар ўтказилишини ташкил этиш, ушбу давлатга кириш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ тақиқларни текшириш, меҳнат мигрантларига ишга жойлашиш, ишлаш учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, пандемия билан боғлиқ чекловларни инобатга олган ҳолда мамлакатда бўлиш тартиблари бўйича консультация бериш, уларнинг Россияга кириб боришига кўмаклашиш ва мавжуд ваканциялар ҳақида маълумотлар бериш каби хизматлар амалга оширилади.
Россияда ишлаш истагидаги фуқаро ушбу филиалда бирламчи ҳужжатларни тўлдириб, Москва шаҳридаги «Кўп тармоқли миграция маркази»га топширади ва тезлаштирилган тартибда патент олиш имкониятига эга бўлади.
Келгусида ушбу филиал фаолиятини кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилиши режалаштирилган.
Тадбир якунида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Москва шаҳридаги «Кўп тармоқли миграция маркази» ҳамда «КРОСТ» ташкилоти ўртасида фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда Москва шаҳрига ишга жалб қилиш бўйича уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, Сахаров номидаги «Кўп тармоқли миграция маркази»нинг асосий фаолияти Москва шаҳри ва вилоятида ишлаш истагидаги чет эллик фуқаролар учун патент расмийлаштириш хизматини кўрсатади.