Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ҳамда халқимизга йўллаган Мурожаатномасида юртимиз таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттиришга доир бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди. «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам бу жиҳатларга кенг ўрин ажратилган бўлиб, илм-фан тараққиётининг моддий ва ҳуқуқий асоси яратилди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида илм-фан ҳамда бадиий таълимнинг ривожлантириш, юртимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотларнинг тасвирий ва амалий санъатда акс этишини таҳлил қилиш, санъатимизни халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган “Замонавий жамиятда фан ва бадиий таълим: долзарб масалалар ва инновацион тадқиқотлар” мавзусида халқаро илмий онлайн конференция 2021 йил 12 февраль куни бўлиб ўтди.
Анжуманда юртимизнинг таниқли санъатшунослари ва ёш олимлари билан бир қаторда, Россия Федерацияси, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Туркия, Хитой, Арманистон, Молдова, Тожикистон каби ўндан ортиқ давлатлардан тадқиқотчилар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Бугун замонавий дунёнинг объектив ҳақиқатига айланган жамиятнинг барча жабҳаларида рўй бераётган бирлашиш, стандартлаштириш, интеграция жараёнларини инкор этиб бўлмайди. Ушбу халқаро илмий онлайн-конференцияда тасвирий ва амалий санъатдаги замонавий тенденциялар ҳамда миллий ва жаҳон бадиий таълимининг истиқболли ривожланишига доир муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари, шунингдек, дунё музейларининг бугунги фаолияти, консервация ва реставрация соҳасидаги сўнги янгиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Бадиий таълим соҳасида бугунги кунда халқаро ҳамкорлик алоқалаларини янада мустаҳкамлаш, пандемия даврида тўхтаб қолган бир қатор муҳим жараёнларни қайта йўлга қўйиш, онлайн муҳокамалар қамровини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев:
Муҳтарам Президентимиз томонидан санъат ва маданият ҳамда унинг таркибий қисми бўлмиш бадиий таълимга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик, яратилаётган имкониятлар натижасида юртимиз тасвирий ва амалий санъати, музейшунослик, дизайн соҳаларида улкан ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг 21 апрель куни эълон қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори соҳада янги тарихий даврни бошлаб берди десак, муболаға бўлмайди.
Бугун Янги Ўзбекистон дунёга юзланаётган даврда барча соҳалар каби, унинг санъати ва маданияти ҳам дунё билан ҳамнафас ривож топмоқда. Албатта, бадиий таълимда ҳам миллий анъаналаримизни илғор хориж тажрибаси билан уйғунлаштириш муҳим ҳисобланади. Қарорда “бадиий таълим соҳасида юкори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини илғор хорижий тажриба ва халкаро стандартлар асосида такомиллаштириш, ўкув жараёнига таълимнинг инновацион усуллари ҳамда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш” ҳамда “таълим сифатини ошириш, нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн вебинарлар, маърузалар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш” вазифаси қўйилди.
Ушбу халқаро илмий онлайн-конференция ҳам мазкур қарор ижросини таъминлаш ҳамда замонавий жамиятда илм-фан ва бадиий таълимдаги долзарб масалаларни ҳал қилиш мақсадида, инновацион тадқиқотларни соҳага кенг жорий этиш, дунёда содир бўлаётган илмий янгиликлар билан юртимиз олимларини кенг таништириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Халқаро илмий конференция янгиланиб бораётган Ўзбекистон санъатининг миллий ва умуминсоний хусусиятларини тадқиқ этишда фан ва бадиий таълим интеграциясининг аҳамияти, “Учинчи ренессанс” даврида бадиий таълим ва соҳадаги тадқиқотларнинг ўрни ва роли, санъат ва маданият тизими истиқболини белгилаш, тадқиқотчиларнинг илмий-ижодий имкониятлар доирасини кенгайтириш, бадиий-эстетик мезонларини мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ушбу конференция халқаро алоқаларни кенгайтиришга ҳамда чет эллик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга, институтимизда олиб борилаётган тадқиқотларнинг натижаларини халқаро миқёсда эътироф этилишига ёрдам беради.

Темурийлар саньати ва маданиятини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредэрик Бопертуа Брэссанд (Франция):
Сўнги тўрт йил давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори даражада эътироф этилмоқда. Айниқса, халқаро ҳамкорликка қаратилган эътиборни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир. Бугунги конференция ҳам, Ўзбекистоннинг санъати ва маданияти ҳамда бошқа соҳалар қатори дунё санъати билан чуқур интеграцияга киришаётганидан далолатдир.
Ҳозирги коронавирус пандемияси шароитида ўтказилган ушбу халқаро конференцияда тасвирий ва амалий санъат, дизайн соҳалари муаммоларини ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан муҳокама қилиш имконига эга бўлганимдан жуда хурсандман.
Мен қарийб 30 йилдан ортиқ Францияда Темурийлар санъати ва маданиятини тарғиб қилиш билан шуғулланиб келмоқдаман. Францияда бизнинг ассоциациямизда ҳам, бугунги Ўзбекистон тараққиёти, амалга оширилаётган сиёсий-ижтимоий, маданий ислоҳотлар ва уларнинг халқаро ҳамкорликни ривожланишидаги ўрни тўғрисида давра суҳбатлари мунтазам ўтказилиб турилади. Мен, Самарқанднинг фахрий фуқароси эканлигимдан доим фахрланаман!

А.Л.Штиглиц номидаги Санкт-Петербург давлат бадиий-саноат академияси доценти, санъатшунослик фанлари номзоди, Ксения Бандорина (Россия Федерацияси):
Ўзбекистонда бадиий таълим соҳасидаги муаммо ва вазифаларнинг жаҳонда кечаётган бадиий жараёнлар билан умумий жиҳатлари мавжудлиги эътиборга лойиқдир. Ўзбекистонда тасвирий санъатга, бадиий таълим ривожига бўлган эътибор, уни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш замонавий илм-фан олдида турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Мисол учун, Сaнкт-Пeтeрбург бадиий муҳитида доимо aкaдeмик сaнъaт анъаналари муҳим аҳамиятга эга. Узоқ йиллардан буён янги изланишлар учун эшикларини кенг қилиб очган Ғaрбдаги сaнъaт aкaдeмиялaридaн фaрқли равишда, бизда зaмoнaвий сaнъaт билан боғлиқ тaжрибaлардa мaълум бир ёндашув шаклланган ва ҳамон сақланиб келмоқда. Академик санъатда реалистик санъат услубларини импрессионизм элементлари ва постимпрессионистик декоративлик билан уйғунлаштирган ҳақиқий рус эскиз манзара анъаналари давом эттирилмоқда.
Бугунги халқаро илмий онлайн конференцияда ҳам айнан, янгиланаётган Ўзбекистоннинг маданият ва санъат соҳаси тараққиёти самарадорлигини янада оширишга қаратилган инновацион тадқиқотлар ва уларнинг ечими тўғрисида фикр алмашилинди.

Испания шарқшунослари ассоциацияси Бош котиби, профессор Хесус Хил Фуесента (Испания):
Замонавий бадиий жараёнда жамият ва рассом ўртасида маълум бир тушунмовчилик юзага келган деб ўйлайман. Бунинг асосий сабаби замонавий санъатдаги бир қатор ижодий изланишлар фақат тор доирадаги томошабинлар учун мўлжаллангани билан боғлиқ. Бошқа томондан, сўнгги йилларда асосан концептуал санъатга эътибор кучайиб, анъанавий санъат турларига аҳамият бермаслик ва охир-оқибат унинг эскириши, молиялаштирилмаслиги ҳам жиддий муаммога айланди. Халқаро конференцияда ушбу мавзуни ёритиш билан бир қаторда Ўзбекистон тасвирий санъати билан яқиндан танишиш имконияти пайдо бўлди ҳамда ўзбек ва испан рангтасвирдаги муаммолар бир-бирига ўхшашлигига гувоҳ бўлдим.

Оксфорд университети кичик илмий ходими, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори PhD Йусен Йу (Буюк Британия):
Ўзбеки Ўзбекистондаги ҳамкоримиз Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан онлайн тизимда илмий-маданий алоқаларимиз давом этаётгани ва бир-биримиздан тажриба алмашиш имкони борлиги қувонарлидир.
Тадқиқот мавзуим тўғрисида гапирадиган бўлсам, ҳозирги кунда халқаро вебинарлар ташкил этиш – инновацион таълимнинг ажралмас қисми сифатида тан олинган. Ўрта Осиё археология ва санъат тарихи ҳақидаги Тошкент Оксфорд вебинарлари ўйлашимча менинг материалларимдан ўқув жараёнида санъатшунослар, маданиятшунослар, рассомлар тайёрлашда фойдаланиш мумкин.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти докторанти, Инобат Иманкулова (Ўзбекистон):
Узоқ тарихдан маълумки, ривожланиш ва тараққиёт юз берган жамиятда албатта дастлаб илм-фан ютуқлари кўзга ташланади. Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳаётида янгича онг ва дунёқарашнинг шаклланишида аввало, илм-фан ривожи учун яратилаётган имкониятлар муҳим ўрин тутмоқда. Ушбу халқаро илмий онлайн - конференцияда асосий эътибор санъат ва маданият соҳасидаги долзарб муаммолар ечими ва илмий инновацион ғояларга асосланган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва юзага чиқаришга қаратилган.
Дунёда глобал муаммога айланган пандемия шароитига қарамасдан институтимизда бу каби халқаро конференцияларнинг онлайн тарзда ўтказилиши санъатимиз ривожи учун катта воқеликдир.
Негаки бугун жахоннинг тараққий этган давлатлари – Россия Федерацияси, Туркия, АҚШ, Франция, Испания, Буюк Британияда санъат соҳасида тадқиқотлар олиб борган олимлар билан фикр алмашиш имкони эга бўлдик. Бу эса институтимизда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар қаторида илмга қизиқиши баланд талаба-ёшлар учун ҳам айни муддао, деб ҳисоблайман.