Бугун мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янги босқичга кўтариш, педагог кадрлар тайёрлаш сифатини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва олий педагогик таълимга қамров даражасини ошириш борасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилганига гувоҳмиз.

Хусусан, педагог кадрлар тайёрлашга ихтисослашган бир нечта олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур таълим соҳаси бўйича хорижий давлатлар билан қўшма таълим дастурлари ташкил этилди. Олий педагогик таълимни ривожлантиришнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мукаммал равишда яратилди.

Мазкур ҳолат педагогика соҳаси учун юқори малакали кадрлар етказиб бериш борасида кадрлар тайёрлаш сифатига эътиборни кучайтириш, соҳада илғор хорижий тажрибани кенг жорий этиш, педагогик таълим инфратузилмасини ривожлантиришга асос бўлмоқда.

Социологик тадқиқотлар шуни кўрсатдики, педагогика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш борасида ўтказилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, сўнгги йилларда Ўзбекистонда абитуриентлар орасида педагогика университетларига киришга қизиқиш бир неча маротаба ошган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йиллар давомида соҳага доир қабул қилган қатор қарор ва фармонлари олий педагогик таълимни ташкил этиш ва ривожлантиришнинг концептуал масалаларини белгилаб берди.

Соҳадаги ўзгаришлар жараёнида тарбия ва ўқитиш усуллари, ахбороткоммуникация технологиялари ҳамда хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал педагог кадрлар тайёрлаш устувор йўналиш сифатида ўз аҳамиятини янада оширади.

Жамиятимизда педагог нуфузининг ортиб бориши, кучли тарғибот ва рағбатлантириш сиёсати натижасида педагоглик касбига қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни мақсадли тайёрлаб ва тарбиялаб боришнинг узлуксиз тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, бу жараён педагоглардан кўп меҳнат ва янгича ёндашувни талаб қилади.

Хусусан, педагогик таълим соҳасининг йўналиш ва мутахассисликлари бўйича ўқув режа ва дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, инновацион ўқувмеъёрий ва таълим ресурсларини яратиш ҳамда амалиётга жорий этиш соҳасида сезиларли муваффақиятларга эришилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозир Тошкент давлат педагогика университетида яратилган таълим ресурсларини такомиллаштириб бориш бўйича кенг қамровли ишлар йўлга қўйилган. Юртимиз олий педагогик таълим тизими 19 та олий ўқув юрти билан бирга охирги йилларда янги очилган Ўзбекистон — Финляндия педагогика институти ҳамда Самарқанд, Андижон, Бухоро, Термиз, Қарши давлат университетларининг Педагогика институтлари учун таянч бўлган Тошкент давлат педагогика университети билан ҳамкорликда рақобатбардош педагог кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Ҳозир педагогика соҳасида ҳам таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш орқали ўқитиш сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш бош стратегик мақсадлардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Тошкент давлат педагогика университети битирувчиларининг барчаси амалиёт ўтаган, тажриба-синов ишларини олиб борган таълим муассасаларига ишга жойлашган. Мазкур натижа педагог кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёж ва талабларини мунтазам ўрганиб бориш, улар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг маҳсули сифатида баҳоланиши мумкин.

Олий педагогик таълим соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш бугунги ахборот ва глобал ривожланаётган жаҳон ҳамжамиятининг асосий талабларидан бири ҳисобланади. Мазкур соҳада Тошкент давлат педагогика университети ҳам салмоқли кўрсаткичларга эга. Хусусан, университетда онлайн ҳужжат алмашиш, талабаларнинг амалий машғулоти, мустақил таълим, билимни баҳолаш тўлиқ электрон таълим воситалари орқали бажарилади.

Тошкент давлат педагогика университети ташаббуси билан 2020 йил декабрь ойида Миллий педагогик таълим муассасалари ассоциацияси ташкил қилинди. Унинг асосий мақсади педагогик таълим тизимини ривожлантириш стратегиясини белгилаш, педагогик таълим хизмати самарадорлигини ошириш ва педагогик таълим муассасаларини халқаро рейтингга кириши учун тайёрлашга кўмаклашишдан иборат.

Ассоциация томонидан қисқа вақт ичида илғор хорижий тажрибалар таҳлили асосида олий педагогик таълим сифатини оширишга кўмаклашиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, педагогик таълим муассасаларининг фаолиятида шаффофлик ва холислик тамойиллари тўлақонли амал қилишини таъминлаш, тизимда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича ишларни мақсадли ташкил этиш бўйича иккита халқаро грант бажарилмоқда.

ниверситетнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро миқёсда танилиши ва рақобатбардошлигини таъминлаш борасида Жаҳон банки Академик инновациялар фондининг “Олий таълим муассасаларида педагогика ва психология фанини ўқитиш амалиёти ва онг ости соҳасига доир таълим бериш жараёнини такомиллаштириш” номли гранти бажарилмоқда. Унинг умумий қиймати 200 минг АҚШ долларини ташкил этади. Ҳозир педагогик таълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Тошкент давлат педагогика университетида сўнгги йилларда ҳамкорлик ўрнатилган хорижий таълим муассасалари сони икки баробар ошиб, ҳозир 127 тани ташкил қилмоқда. Айни пайтда университетимизда педагогиканинг долзарб муаммоларига бағишланган  4 та халқаро Erasmus лойиҳаси бажарилмоқда.

Олий таълим муассасаларига кириш квоталари беш йил аввалги 9 фоиздан бу йил 28 фоизгача ўсди. Биргина Тошкент давлат педагогика университетига қабул квотаси сўнгги беш йилда 65 фоиз ошиб, 2021 йилда давлат буюртмаси бўйича талабаликка қабул қилиш юзасидан квота 3 минг 909 тани ташкил қилди. Шунга мос равишда университет битирувчилари сони ҳам йилдан- йилга сезиларли даражада ошиб, 2017 йилга нисбатан 190 фоизга кўпайди.

Педагогика соҳасида илмий педагог кадрларга эҳтиёжни таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларида мақсадли докторантура ва докторантурага тайёрлов босқичида стажёр-тадқиқотчи институти вужудга келди ва докторантурада таҳсил олаётганлар сони икки баравар ошди. Хусусан, Тошкент давлат педагогика университетининг илмий салоҳияти сўнгги беш йилда 35 фоиздан 47 фоизга етди.

Педагогика соҳасида Scopus илмийтехник маълумотлар базаси журналларида мақолалар нашри уч маротабага кўпайди. Нидерландиянинг “Elsevier” компанияси билан Digital Commons (Bepress) платформаси негизида “Ўзбекистон илмий журналлари” портали яратилди. Мазкур порталга мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг 41 та илмий журнали жойлаштирилган бўлиб, уларнинг барчасида олий педагогика соҳасида кадрлар тайёрлашга бағишланган рукнлар мавжуд.

Университетимизда сўнгги йилларда 1 минг 811 нафар профессор-ўқитувчининг хорижий олий таълим муассасаларида стажировка ўташи ва малака ошириши таъминланди. Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий олий таълим ва илмий муассасалар магистратура мутахассислигига 112 нафар, докторантурага 51 нафар ёш таълим олишга қабул қилинди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 46 нафар профессор-ўқитувчининг Канада, Буюк Британия ва Италияда стажировка ўташи таъминланди.

Абдулла Авлонийнинг ҳаёти ва ижоди ҳамда унинг “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” номли шоҳ асари Тошкент давлат педагогика университети илмий жамоаси томонидан инглиз, рус, қозоқ тилларига таржима қилинди. Ҳозир турк ва немис тилларига ўгирилмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, узлуксиз таълимнинг барча бўғини учун педагог кадрлар тайёрлаш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар юксак маданиятли, амалий касбий кўникмага эга, тарбия, ўқитиш методлари ва баҳолаш мезонларини пухта эгаллаган замонавий педагог кадрларни шакллантириш жараёни самарадорлигини оширишга хизмат қилади.