Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмаганлигининг қабул қилиш ўлчамларини (The Food Insecurity Experience Scale – FIES) жорий қилиш бўйича семинар ташкил этди.
FIES одамларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ тажрибасини баҳолаш учун глобал стандартдир. Семинарда очлик ва озиқ-овқат хавфсизлигини баҳолаш ушбу муаммоларни ҳал қилиш сиёсатини ишлаб чиқиш ва мониторинг қилиш учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
— Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмаганлигининг қабул қилиш ўлчамлари одамларнинг озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини баҳолаш учун ишончли кўрсаткичдир, — дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров. — Ушбу тадқиқот озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишнинг бошқа кўрсаткичларига қараганда анча тежамкор ва миллий уй хўжаликлари учун фойдаланиладиган сўровномаларга киритиш осонроқ, деб ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ФАО БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг 21 кўрсаткичи, шу жумладан, 2.1.2 Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмаганлигини қабул қилиш даражаси асосида аҳолини озиқ-овқат хавфсизлигининг ўртача ёки оғир даражаси кўрсаткичи бўйича ҳам масъул агентлиги ҳисобланади. Дарҳақиқат, Барқарор ривожланиш мақсадларининг муваффақияти кўп жиҳатдан самарали мониторинг ва кузатувга боғлиқ.
Семинар давомида мутахассислар FIES модули асосида 2021 йил июль—декабрь ойлари учун Ўзбекистондаги уй хўжаликларининг танланма сўрови натижаларининг батафсил таҳлилини тақдим этдилар. Бундан ташқари, 2022 йилда уй хўжаликлари ҳолатини ўрганиш жараёнларида FIES модулини яна тадбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.