Томонлар Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳамда Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни комплекс ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.

Тосиаки Эндо Ўзбекистон томонини Токио-2020 олимпиадасида таеквондо бўйича қўлга киритилган биринчи олтин медаль билан самимий табриклади. У ўзбекистонлик спортчиларнинг барча спорт турлари, айниқса бокс ва дзю-до бўйича жисмоний тайёргарлигини юқори баҳолаб, делегациямизнинг Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштироки учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон томони билан спорт ва спорт таълимини ҳамда соғлом турмуш тарзи тарғиботини ривожлантириш, шунингдек Ўзбекистонда зарур спорт инфратузилмасини яратиш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, учрашув доирасида томонлар Ўзбекистонга Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш мақсадида япониялик мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Япония тажрибасидан келиб чиқиб, юртимизда спорт иншоотларини барпо этишда ҳамкорлик қилишга оид келишувга эришилди.

Якунда, Япония томони ҳамкорлик кўламини кенгайтиришда Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга тайёр эканини таъкидлади, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.