ЭЛЕКТОМОБИЛ САНОАТИ: КЕЛАЖАК САРИ МУҲИМ ҚАДАМ

Таҳлилчиларининг фикрича, жаҳонда сотилган янги автомобилларнинг умумий ҳажмида электромобилларнинг улуши олти йилдан кейин 33 фоизга, 2035 йилга бориб эса 54 фоизга ортади. Лекин дунёда электромобиллар ишлаб чиқаришнинг жадал ривожланиб бориши бу каби муддат ва кўрсаткичларга ундан олдинроқ эришилишидан ҳам далолат бермоқда. Чунки, ўтган йилнинг ўзида бундай машиналар улуши  автомобиль бозорида 2 баробарга ўсган. Мамлакатимизнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Тараққиёт стратегиясида “яшил иқтисодиёт” га ўтиш, жумладан, электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳам мақсадлар белгиланган.

Бутунги кунда жахондаги сингари юртимизда хам муқобил энергияда ҳаракатланувчи автомобилларга эҳтиёж ошиб бормоқда Чунки, ушбу транспорт тури тоза энергия ёрдамида ҳаракатланади, углерод чиқиндиларини чиқармайди ва атроф-муҳитни ифлослантирмайди. электромобилларнинг юриш харажати оддий автомобилга нисбатан 13 бараварга кам бўлгани ҳолда, 3 баравар кам иссиқхона газларини ажратиб чиқаради.

Президентимиз 10 октябрь куни электромобил тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танииши чоғида худди шу каби масалалар ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

ЎЗБЕКИСТОНДА ҚАЧОН ЭЛЕКТРОМОБИЛ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ?

Маълумки, оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда электромобил ишлаб чиқарилишига оид хабарлар уч-тўрт йилдан буён кўзга ташланиб қолди. Хусусан, 2019 йилнинг май ойида “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида “Hyundai” электромобилларини ишлаб чиқариш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Орадан кўп ўтмай Навоий, Бухоро ва бошқа ҳудудларда ҳам шундай машиналар хорижий компаниялар билан ҳамкорликда тайёрланишига доир фикрлар билдирилди. Лекин бу лойиҳалар тақдири ҳозирча номаълум бўлиб турибди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 декабрдаги қарорида "Ўзавтосаноат" АЖ халқаро консалтинг ташкилотлари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, 2021 йил 1 февралга қадар лойиҳаларни амалга ошириш аниқ муддатлари, ишлаб чиқариш қуввати, молиялаштириш миқдори, давлат томонидан бериладган кўмаклар ва бошқа маълумотларни назарда тутиб, жамиятда фақат электр двигатель орқали ҳаракатланадиган енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ишлаб чиқариш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди. Ҳужжатда кейинги йил Давлат бюджетини шакллантиришда электр двигатель орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситалари республика ҳудудида харид қилинганда ва (ёки) вақтинчалик олиб кирилганда, уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказишда унинг эгалари (улардан фойдаланувчилар) томонидан тўланадиган йиғимларни бекор қилиши, жойларда зарядлаш қурилмаларини барпо этишга қаратилган “йўл харитаси” ни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.

Яқинда Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати дастлабки электромобиллар жорий йилнинг декабрь ойида тест режимида ишлаб чиқарилишини расман эълон қилди. Қайд этилишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида мазкур лойиҳани амалга ошираётган “Central Asia Motors” корхонасида бўлиб, уни ишга тушириш билан боғлиқ жараёнлар билан танишган.

Фарғона механика заводи ҳудудида жойлашган ушбу корхонада умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган “Электромобиллар учун эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда енгил ва юк электромобиллар тайёрлаш” лойиҳаси ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Ушбу лойиҳанинг 5 миллион доллари тадбиркорнинг ўз маблағлари, яна 5 миллион доллари банк кредити бўлса, қолган 40 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобланади.

Босқичма-босқич амалга ошириладиган лойиҳа натижасида 350 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Тўла қуввати билан ишга тушгач, корхонада йиллик 10 минг электромобил ишлаб чиқарилади.

Корхона бош директори Баҳодир Аҳмедов электромобилларни йиғиш ва синовдан ўтказиш цехлари, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида маълумот берар экан, жорий йилнинг декабрь ойида 4 та енгил ва 8 та юк электромобиллари тест режимида янги корхона конвейерларидан чиқишини билдирган. Ҳозирги кунда мамлакатимизда уларни қувватлантириш шахобчалари оммалашмаганини ҳисобга олган ҳолда, дастлабки босқичда гибрид қувватли (ток ва бензин) электромобиллар ишлаб чиқарилиб, бунда электр қуввати 20 фоиздан камайганда бензин двигатели ишга тушади, ёнилғида ишлаш жараёнида электромобил батареяси қувват олади.

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР ВА УЛАРНИНГ АМАЛИЙ ИЖРОСИ

Жорий йил 14 февраль куни машинасозликни ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари техник талаб ва стандартларни, шунингдек, маҳаллийлаштириш масалаларини ҳисобга олган ҳолда, электромобиллар саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 18 август куни Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўмитанинг 6-йиғилиши доирасида “Ўзавтосаноат” АЖ ва “BYD Auto Industry” концерни ишлаб чиқаришини ташкил этиш тўғрисида битим имзолади. Унга кўра, томонлар “BYD Chazor 05 Dmi” ва “Song Plus Dmi” енгил автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани Ўзбекистоннинг янги энергия манбаида (NEV- гибридлар, электромобиллар) амалга оширади.

Маълумки, BYD автоконцерни электромобиллар соҳасида етакчи ҳисобланади. У янги энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда, енгил автомобиллар, кроссоверлар, тижорат автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқаради. 2022 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, компания 641 мингдан ортиқ электромобил сотган. Бу унга АҚШнинг “Tesla” компаниясини ҳам ортда қолдириб, олти ой ичида электромобиллар савдоси бўйича жаҳон етакчисига айланиш имконини берди.

Айтиш жоизки, BYD электромобиллари Ўзбекистонга ҳам кириб келмоқда. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, мамлакатимизга шу йилнинг саккиз ойида 1419 та электромобиль импорт қилиниб, бу утган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга ошган бўлса,  шундан 1,3 мингтаси   Хитой автоконцернларига тегишли саналади.

Бундан уч кун аввал Президентимиз электромобил тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишиши чоғида “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти раҳбарлари бу борада хорижий компаниялар билан эришилган келишувлар, ўзлаштирилиши кутилаётган моделлар ҳақида ахборот берди.

 —  Ҳар бир қароримизда бир йиллик эмас, ўн йилликларни кўзлашимиз керак. Экологияни инобатга олиб, келажакни инобатга олиб, бу тармоқни ҳозирдан ривожлантиришимиз зарур. Буни қанча тез қилсак, автомобил бозорида рақобат пайдо бўлади. Бошқа электромобил компаниялари ҳам келади, — деди Президентимиз.

Соҳада тажрибага эга хорижий компания билан қўшма корхона ташкил қилиб, оммабоп электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

 — Мамлакатимиз электромобилларни оммавийлаштириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун бир неча рағбатлантирувчи жиҳатларга эга, — дейди “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов. —  Электр энергияси нархининг пастлиги, илиқ ва ииссиқ иқлим (батареялар кам қувват йўқотади) ва қўшни давлатларда бундай ишлаб чиқаришларнинг мавжуд эмаслиги улар сирасига киради.

“Ўзавтоoсаноат” АЖ бундай улкан лойиҳани амалга ошириш натижасида BYD автомобилларининг тўлиқ циклли (CKD: штамплаш, пайвандлаш, бўяш, йиғиш) ишлаб чиқаришини ташкил этишга эришади.

Шуниси эътиборга лойиқки, BYD учун бу аслида чет элда ишлаб чиқаришни кенгайтиришнинг биринчи тажрибаси, шунинг учун хитойликлар унга алоҳида эътибор қаратяпти. Бинобарин, янги йилга қадар қўшма корхона ўз фаолиятини бошлаши ва кейинги йил охирига келиб конвейерлардан электромобиллар чиқиши мўлжалланяпти. Бундан ташқари, келишув шартлари маҳсулотларни маҳаллийлаштириш дастурини ўз ичига олади. Кейинги босқичларда двигателлар, электродвигателлар, шунингдек, батареялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари тақдимотда электромбилларнинг нархи арзон бўлиши кераклигига алоҳида эътибор қаратди. Бу эса кўп жиҳатдан бутловчи қисмларнинг маҳаллийлаштирилганлик даражасига боғлиқ. Мисол учун, электромобил таннархининг 30 фоизини аккумулятор, 10 фоизини электр ўтказгичлар ташкил қилади. Юртимиз заминидаги литий, мис, графит каби хомашё захираларидан фойдаланиб, бундай қисмларни бемалол ўзимизда ишлаб чиқариш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

—Электромобилларнинг оддий автомобилдан устун томони бу, фойдаланиш харажатларининг камлиги, — дейди “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов. —  100 километр йўл учун электромобил (13 кВт соат) 3800 сўмлик электр энергияси сарф қилса, шу масофага ёнилғили двигателида ҳаракатланувчи автомобил (8 литр, RON 80 лик бензин 6500 сўм ) 52 000 сўм ёқилғи ишлатади, яъни 13 бараварга кўпроқ. Агар харидор 1 йилда 20 минг км масофа юрадиган бўлса, 10 миллион сўм атрофидаги маблағни иқтисод қилади.

Бундан ташқари, электромобилларда сервис харажати кам 30 фоизга (мой, фильтр, свеча йўқ) кам. Электромобилларга техник хизмат кўрсатиш даврийлиги 20 минг километр атрофида бўлса, оддий автомобилларга ҳар 5-7 минг километрда техник хизмат кўрсатилиши лозим бўлади.

Оғирлик маркази пастроқдалиги ҳисобига унинг турғунлиги ва бошқарувчанлиги юқоригини ва Blade Battery технологиясидаги аккумуляторларга эга электромобиллар жуда хавфсиз (ёнмайдиган ва портламайдиган) эканлигини ҳам қўшимча қилиш мумкин.

Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқаришдаги ўзлаштирилган чуқур технологик жараёнлар (штамплаш, пайвандлаш, бўяш, йиғиш ) ва кенг бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш базасига эга маҳаллийлаштириш корхоналари мавжудлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида устун туради. Бугунги кунда двигатель ва унинг қисмлари, иситиш, вентиляция ва совутиш тизими (HVAC), интерьер ва экстерьер деталлари, металл ва электр қисмлар ва бошқа баъзи асосий материаллар маҳаллийлаштирилиб, қўшма ва соҳа корхоналарида ишлаб чиқарилмоқда.

Улар томонидан пресслаш, пайвандлаш, бўяш, йиғиш, алюминий қўйиш ва механик ишлов бериш каби 200 дан зиёд технологиялар (OES) ўзлаштирилган. Маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва маҳсулот таннархини тушириш учун, ишлаб чиқаришда зарур бўлган ойна, полипропилен, полиэтилен, мис хом-ашёлари мавжуд. 

Шу билан бирга, хусусий секторда 300 дан зиёд бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқда. Улар Ўзбекистонда электромобилларни ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштиришга ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари учун кенг имкониятга эга..

Тақдимотда электромобилларга хизмат кўрсатиш тармоғини кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилиб, келгуси икки йилда жойларда икки мингта қувватлаш станциялари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу станцияларга ҳам ер, мулк ва фойда солиғидан имтиёз қўлланилади. Тадбиркорларга қувватлаш станциялари орқали электрни эркин нархда сотиш ҳуқуқи берилади.

Экспертларнинг қайд этишича, автомобилсозликда юқори самарани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқаришнинг янги йўналиши муқаррар равишда бошқа тегишли тармоқларнинг ривожланишига олиб келади. Мазкур йўналишга жалб қилинган юқори савияли мутахассисларга бўлган талаб, ўз навбатида, ёш авлоднинг замонавий касблар бўйича сифатли таълим олишига туртки беради. Шу боис тармоққа ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш муҳим ўрин тутади.

Тўғри, айни кунда юртимизда электромобилларга техник хизмат кўрсатувчи муҳандислар мавжуд эмас. “Ўзавтосаноат” АЖ уларни ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш жараёнида малака ошириш тизимини йўлга қўйилиш орқали тайёрлашни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, Турин университети билан дуал таълим тизими асосида, янги "Саноатда ишлаб чиқариш технологиялари" йўналиши ташкил қилинди ва жорий йилдан салоҳиятли ишчи-ходимларни ўқитиш бошланди. Ташкил этиладиган марказларда эса,  ҳар йили мингдан зиёд инженер-техник ходимлар ўз билим ва малакаларини ошириб боради.

Юқори тоифали муҳандислар сонининг кўпайиши техника фанларини ривожлантиришга, шунингдек, корпоратив ва ишлаб чиқариш маданиятини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантиришга замин яратади. Айни чоғда автомобилсозлик саноатининг юқори мултипликативлигини ҳисобга олганда, ишлаб чиқаришнинг янги йўналиши муқаррар равишда бошқа тегишли турдош тармоқлар тараққиёти учун локомотив вазифасини ҳам ўтайди

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи