Апрель ойида тажриба сифатида экилган ўртапишар, серҳосил “Искандар” навли шоли кўчатлари ёзнинг қоқ ўртаси — 27 июлда пишиб етилгани-ю, унинг кетидан иккинчи ҳосил учун яна эртапишар шоли нави кўчатлари ерга қадалгани чин маънода тарихий воқеа бўлди.

Бу шоли экинидан йилда бир неча маротаба ҳосил олишни мақсад қилган Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимларининг доимий изланишлари ва янги тажрибалари маҳсули, десак муболаға эмас. Тадқиқотчилар бу борада Жанубий Кореянинг KOPIA маркази мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб борди. Жараёнда ушбу мамлакатнинг шоличилик бўйича дунёда илғор ҳисобланган тажриба ва технологияларига таянилди. Мазкур технология асосидаги ўсимликларни кўчат усулида парваришлаш ва механизация (уруғлар олдиндан эгат очмай, текис ерга экилаверади) ёрдамида экиш тажрибаси ўрганилиб, юртимиз шароитида амалга ошириш вазифаси қўйилди. Мақсад шоличиликда йилда бир эмас, бир неча марта мўл ва сифатли ҳосил олишдан иборат эди.

Тажриба синовдан муваффақиятли ўтди

Жаҳон бозорида гуруч энг талабгир маҳсулотлардан бири. Қадимги экин турларидан бўлган шоли ҳозир ҳам дунё аҳолисининг учдан бир қисми учун асосий озиқа манбаидир. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, 2020 йилда сайёрамизда 158,8 миллион гектарга шоли экилиб, 742,5 миллион тонна ҳосил олинган. Бу борада Хитой, Ҳиндистон, Индонезия етакчилик қилмоқда.

Шоли ўсимлиги тропик минтақадан келиб чиққанига қарамай, мўътадил иқлимли худудларда кенг тарқалган. Бу экинни етиштиришнинг ҳам ўзига хос агротехнологиялари мавжуд ва уларни такомиллаштириб бориш соҳанинг долзарб масалаларидан саналади. Шоли етиштиришда кўп сув талаб қилингани боис, жараёнда илғор ресурстежамкор технологияларни қўллаш самарадорликни оширади. Айни шу мақсадда кенг кўламли илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Кўчат усулида шоли етиштириш ва механизация ёрдамида экиш тажрибаси Шоличилик илмий-тадқиқот институтида олиб борилаётган ана шундай изланишларнинг бир қисми. Жанубий кореялик мутахассислар билан биргаликда ўтказилган тажрибада кўчатларни маҳаллий шароитга мослаштириш ҳам бирмунча вақт талаб этди. Эътиборлиси, жараённи бошидан то биринчи ҳосил олингунига қадар соҳа вакиллари кузатиб борди. Янгиликнинг илк натижаларига ҳам кўпчилик биргаликда гувоҳ бўлди.

Дастлабки жараёнда юртимизнинг маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган кўчатни тайёрлаш учун экиннинг озуқа негизи, яъни тупроқ, биогумус ва бошқа моддалар аралашмаси нисбатлари ўрганилди. Сўнг 25—30 кунлик соғлом кўчатлар белгиланган муддатларда тайёрланди. Бунда биз учун энг қимматли кўрсаткич 30 кунлик кўчатлар эртаки муддатларда махсус иссиқхоналарда, такрорий экишга ҳозирланган кўчатлар эса иқлими мўътадиллаштирилган хоналарда етиштирилгани бўлди. Ушбу натижа деҳқон ва олимларимизнинг бир неча асрлардан буён орзу қилган, бир даладан икки марта шоли ҳосили олиш умидини рўёбга чиқаришга асос бўлди, десак муболаға эмас. Қолаверса, механизация ёрдамида шоли кўчатларини экиш аста-секинлик билан ривожланиб бораётгани, ҳозир экиш агрегатлари 30 тага яқин бўлиб, ҳатто фермерларда ҳам мавжудлиги қувонарли ҳол. Буни яқин келажакда шоли хирмонлари ҳам баланд бўлишига ишора деб баҳолаш мумкин.

Шу тариқа навбат кўчатларни ерга жойлаштиришга етди. Юқорида таъкидлаганимиздек, жорий йил апрель ойида Избоскан тумани тажриба даласида илк шоли кўчатлари механизация ёрдамида ерга қадалди. Экин экиладиган кун ҳаво ҳарорати кескин пасайиб, шолипоядаги ҳарорат +10 даражани ташкил этди. Одатда бундай ҳароратда шолини қўлда экишнинг имконияти бўлмайди. Механизация усулида эса исталган ҳавода экин экиш мумкин. Биз уларнинг ҳар иккисини солиштириб ҳам кўрдик. Натижага кўра, нисбатан совуқ ҳароратда махсус механизм ёрдамида экилган шоли кўчатлари ўртача 15 донадан, бир неча кун кечикиб, илиқ ҳавода қўлда ерга ташланган кўчатлар эса 3-5 донадан туплаганига гувоҳ бўлдик. Яъни махсус 30 кунлик тайёрланган шоли кўчатларини эрта муддатда экиш ҳамда кўпроқ туплатиш имконияти юқорироқ экани кўринди.

Тажриба кўчатларининг ҳосилдорлиги ҳам кўпчиликни қизиқтирди. Олиб борилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳосилдорлик айрим қисмларда 5,5 тоннага, айримларида 6 тоннага, айримларида эса 7 тоннага етди. Бу йил баҳор мавсуми бироз совуқроқ келгани боис, шоли пишиши сал узайган бўлиши, кейинги йилларда баҳорда ҳарорат иссиқ бўлса, шолини 7—10 кун эрта ўриш имконияти юзага келиши мумкин. Аммо умумий ҳисобда олганда, янги технология асосида кўчат усулида шоли экилиши юқори самарадорликка эга эканини кўрсатди. Жараёнда қўл меҳнати ва ишчи кучи ҳам сезиларли тежалди. Жами харажатлар эса 25—30 фоиз камайиши аниқланди.

Шолини кўчат усулида етиштиришнинг яна бир афзаллиги шундаки, ушбу технологияни қўллаш ҳисобига шоличилик тизимида экин жойлаштириш тузилмаси ҳамда уларнинг салмоғи кескин ўзгариб, халқаро талабларга деярли тенглашмоқда. Авваллари бир далада асосан шоли, сўнг кузги буғдой асосий экин сифатида алмашинадиган ва йилда икки марта ҳосил олинган бўлса, эндиликда кузги буғдой — такрорий шоли ёки соя — кузги буғдой экиш имконияти яратилмоқда. Демак, янги тизимда икки йилда 3 ёки 2 марта шоли, 1 марта дон учун соя, 1 марта тўлиқ кузги буғдой ҳосили олиниб, уларни алмашлаб экиш тартиби яна кузги буғдой экиш билан тугайди.

Шолининг қимматли хусусиятларидан яна бири бир далага қайта-қайта экиш мумкинлигида. Мисрнинг Нил дарёси бўйлари ҳамда Осиё қитъасининг кўплаб худудларида бир далага шоли минг йилдан ортиқ даврлардан буён мунтазам экилиб, юқори ва сифатли ҳосил олиб келинмоқда. Демак, минерал, органик ўғитлар ва бошқа керакли моддаларни бериб, доимо шоли етиштириш мумкин. Айниқса, кўчат усули ва бошқа ресурстежамкор нав, технологияларни амалиётга жорий этиш орқали бир йилда икки марта ҳосил олиш кўпроқ гуруч маҳсулотлари етиштириш имконини беради. Албатта, сув ресурсларидан ўта тежамкорлик билан фойдаланишни ҳам унутмаслик керак. Бунинг учун шоли майдонларини имкон қадар массивлаштирилган ҳолда жойлаштириш ҳамда илм-фанга асосланган бошқа замонавий технологиялардан фойдаланиш самара беради.

Сабаби, шоли етиштиришга яроқли деб ҳисобланган дарё ўзанлари ёки коллекторлардан сизиб чиқаётган шўрланган, оқова сув ҳамда ботқоқ ерлар захираларидан бошқа экинларни етиштиришда фойдаланишнинг деярли имкони йўқ. Шунинг учун олдимизда ҳосилдор шоли навларини яратиш билан бирга, ҳар томчи сувдан самарали фойдаланиш усулларини жорий этиш вазифаси турибди. Айниқса, ҳозирги глобал иқлим ўзгаришлари ҳамда кескин сув танқислиги шароитида фақат илғор, инновацион, ресурстежамкор технологияларга таянишимиз лозим. Илм-фан ютуқлари эса уларни янада такомиллаштириб боришга йўл очади.

Шундай қилиб, мамлакатимизда йилда икки ёки уч марта шоли ҳосилини олиш тажрибаси синовдан муваффақиятли ўтди, дея оламиз. Энди навбат буни ҳудудларимизда кенг жорий қилиш, бу орқали деҳқон ва фермерларимиз даромадини янада ошириш, халқимизнинг гуруч маҳсулотларига бўлган талабини қондиришдан иборат. Бу йўлдаги изланишларимиз эса давом этади.

Рихсивой ТЕЛЛЯЕВ,

Шоличилик илмий-тадқиқот институти профессори,

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори