Охирги йилларда экологик масалалар ҳақида тез-тез гапирилаётгани бежиз эмас. Чунки бу глобал муаммо дунё аҳолисига озиқ-овқат хавфсизлиги, сув танқислиги, иқлим ўзгаришлари, ҳавонинг ифлосланиши, биохилма-хилликнинг бузилиши сингари кўплаб оқибатлари билан хавф солмоқда. Табиий офатлар кўлами кенгайиб, мамлакатлар иқтисодиёти, айниқса, қишлоқ хўжалигига катта зарар етказяпти.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, ушбу тармоқда табиий офатлар натижасида кузатилаётган йўқотишлар умумий иқтисодий йўқотишларнинг 63 фоизини ташкил қилади. Чўлланиш, ер деградацияси ва қурғоқчилик каби муаммолар жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатида истиқомат қилаётган 1,2 миллиард аҳолининг саломатлиги ва фаровонлигига жиддий хавф соляпти.

Афсуски, бундай экологик муаммолар юртимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Аксарият ҳудудларимизда тупроқ таркиби бузилиб, унумдор ерлар қисқариб боряпти, чўлланиш, сув етишмаслиги, қурғоқчилик кучайиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ўтган йили Олий мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланганидек, “Мамлакатимиз сўнгги уч йилда қурғоқчиликни бошдан кечирди. Бунинг таъсири, айниқса, Амударёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларимизда яққол сезилди”.

Умуман, ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири саналади. Соҳага нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки, аҳолини иш билан қамраб олиш, бозорлару, дастурхонларимиз тўкин-сочинлигини ошириш, қолаверса, юртимиз экспорт географиясини кенгайтиришнинг муҳим қисми сифатида қаралмоқда. Шу йил Президент фармони билан қабул қилинган Давлат дастурида ҳам 2023 йил якунига қадар 68,5 триллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши белгиланган. Бу кўрсаткичларга эришиш ва натижадорликни янада оширишда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторида табиий офатлар хавфини камайтириш, уларнинг олдини олиш ва кураш чораларини ишлаб чиқиш вазифалари ҳам бор.

Айни шу масалада олиб борган тадқиқотларимиз асосида ўтган йили Ўзбекистонда табиий офатлар хавфини камайтириш тизимининг ҳар томонлама таҳлил-ҳисоботи эълон қилинди. Бу катта лойиҳа бўлиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Гидрометеорология хизмати маркази кўмагида амалга оширдик. ФАО ва Глобал Экологик Жамғарманинг “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси томонидан молиявий кўмак берилди.

Табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича тадқиқотлар Арманистон, Озарбайжон, Белорус, Грузия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Молдова, Тожикистон, Туркманистон ва Украинада ҳам ўтказилган. Ўзбекистондаги тадқиқот ишлари лойиҳанинг бир қисми. Унинг мақсади мамлакат қишлоқ хўжалиги учун табиий офатлар хавфини камайтириш институционал тизимидаги жорий кучли томонлари ва уларни янада кучайтириш бўйича салоҳият эҳтиёжларини кўрсатиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида тавсиялар беришга қаратилган.

Жараёнда бир қанча йўналишларда ўрганиш ишлари олиб бордик. Таҳлиллар ҳар томонлама баҳоланиб, тез-тез учрайдиган ва қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир кўрсатадиган табиий офатлар аниқланди. Шундан сўнг мавжуд ҳуқуқий, сиёсий ва институционал асослар таҳлил қилиниб, эрта огоҳлантириш тизимларининг ишлаши, табиий офатлар хавфини баҳолаш, улардан кейинги зарар, шунингдек, фермерлар учун қишлоқ хўжалиги суғуртасининг мавжудлиги каби масалалар кўриб чиқилди. Олинган маълумотлар асосида табиий офатлар, хусусан, сув тошқинлари, кўчки ва қурғоқчилик, иқлим ўзгаришларининг қишлоқ хўжалигига салбий таъсирини камайтириш борасида мавжуд тизимни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдик.

Тизимда ўзаро мувофиқлик етишмайди

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг тўртдан бир қисмини ташкил қиладиган муҳим соҳа. Ялпи ички маҳсулотнинг салкам 30 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Тармоқда меҳнатга лаёқатли аҳолининг учдан бир қисми фаолият кўрсатади. Ўтган йилнинг ўзида 100 минг гектар экин ери аҳолига деҳқончилик қилиш учун бўлиб берилиши ҳисобига 1,5 миллион тонна қўшимча озиқ-овқат етиштирилди. Қишлоқларда 400 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил этилиб, 1 миллион 200 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланди. Ана энди, табиий офатлар сабаб тармоққа қанча зарар етишию, қанча киши ишсиз қолиши мумкинлигини тасаввур қилаверинг.

Табиий офатлар ўз номи билан табиий равишда, инсон омили таъсирисиз юзага келадиган табиат ҳодисаларидир. Ер силкинишлари, сел келиши, сув тошқинлари ва ҳоказо. Улар катта-кичиклигидан қатъий назар, инсонларга ўз таъсирини кўрсатади. Қишлоқ хўжалигидаги табиий офатлар ҳам шундай. Қурғоқчилик, чўлланиш, глобал исиш ва бошқалар ер майдонларининг сифатига, бу орқали эса озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қурғоқчилик кенг миқёсда ҳосилни йўқотиш, ўрмон ёнғинлари ва сув етишмаслиги натижасида инсониятга зарар етказиш нуқтаи назаридан энг вайронкор табиий офатлардан бири ҳисобланади. Ерлар деградацияси ва иқлим ўзгариши билан янада мураккаблашиб бораётган қурғоқчилик дунё бўйича 2000 йилга қараганда бугунги кунда 29 фоизга кучлироқ намоён бўлиб, ҳар йили бундан 55 миллион киши азият чекмоқда. 2050 йилга бориб қурғоқчилик Ер юзи аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир кўрсатиши мумкин.

Табиат инъом этган катта бойлик — жами 44 миллион гектардан зиёдроқ ер майдонига эга халқмиз. Шундан асосийси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўлиб, уларнинг умумий майдони 22 миллион гектардан ортиқроқни ташкил этади. Аммо уларнинг ҳаммасини ҳам фойдаланишга яроқли, деб бўлмайди. Гап шундаки, ҳозир глобал иқлим ўзгаришлари натижасида ҳарорат ва намлик режимининг ўзгариши қуруқ ва иссиқ даврнинг чўзилишига олиб келмоқда.

Ўзгидрометерология маркази маълумотларига кўра, сўнгги беш йилда мамлакатимизда вегетация даврида кўп йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1-2 градус юқорилагани қайд этилмоқда. Ёғинлар миқдори ҳам сўнгги йилларда нисбатан камайиб боряпти. Сув омборларида эса сўнгги уч йилга нисбатан 22 фоизга кам сув захираси йиғилган. Буларнинг оқибатида, қишлоқ хўжалиги экинлари (ғўза)нинг ўсиш ва ривожланиш даври, сувга бўлган талаби ўзгариб боряпти. Масалан, ўсув даврида куннинг сезиларли даражада исиб кетиши ёки кун билан тун орасидаги ўртача ҳароратнинг фарқи катта эмаслиги экинларнинг сув ва озиқа элементларига бўлган талабини қондира олмайди. Натижада қишлоқ хўжалиги экинларидан кутилган ҳосил олиш имконияти пасаяди. Бу ҳолат минерал ўғитларнинг мақбул меъёр, муддат, нисбат ва қўллаш усулларини ушбу шароитга мослаб мақбуллаштиришни талаб қилмоқда.

Умуман, мамлакатимиз иқлими табиий хавф-хатарларга мойил ва уларни бошқариш бўйича муҳим қадамлар ташланмоқда. Хусусан, аҳоли ва ҳудудларни офатлардан ҳимоя қилиш миллий хавфсизлик сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада ҳуқуқий асос ҳам яратилган. Қолаверса, охирги йилларда Ўзбекистон иқлим ўзгариши муаммоларини мамлакат миллий стратегияси, режалари ва ҳукумат фармонларига киритишда ютуқларга эришмоқда. Мазкур масалалар бўйича халқаро майдонда ҳам мамлакатимиз фаоллигини, илғор ташаббусларини илгари сураётганини кўришимиз мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар департаменти табиий офатларнинг олдини олиш ва уларни камайтириш тадбирларига жалб этилган вазирлик ва ташкилотларнинг барча фаолиятини мувофиқлаштиради. Маҳаллий даражада эса жамоа раҳбарлари табиий офатларни бартараф этиш учун масъулдирлар. Жойларда табиий офатлар бўйича соҳага йўналтирилган концепциялар ва мақсадли дастурлар мавжуд.

Аммо қишлоқ хўжалиги соҳасига келганда, табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича аниқ механизмнинг йўқлиги ва тизимли чора-тадбирларнинг етишмаслиги кўзга ташланади. Хусусан, қишлоқ хўжалигида табиий офатлар юзага келганида, хабар бериш бўйича ташкилотлар ўртасида самарали институционал мувофиқлаштириш мавжуд эмас. Масалан, Ўзгидромет табиий офатлар мониторинги кузатувларини доимо янгиланиб, хавфли гидрометеорологик ҳодисалар бўйича ахборот тизими базасини яратиш вазифасини зиммасига олади. Агрометеорологик кузатишлар юртимизнинг барча ҳудудларида жойлашган 65 та станция ва 36 та пост орқали амалга оширилади. Гидрометеорологик хавф туғилганда, Ўзгидромет тегишли огоҳлантиришларни қарор қабул қилиш учун масъул бўлган ФВВ ва бошқа давлат идораларига юборади. Миллий ва маҳаллий ҳокимият идоралари ўртасида ҳамкорлик, шунингдек, маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлашни қамраб олади. Бироқ бу йўналишдаги эрта огоҳлантириш тизимида бир қатор камчиликлар, хусусан, чекланган молиявий ресурслар, техник имкониятларнинг етишмаслиги, жалб қилинган воситалар, дастаклар ва муассасалар ўртасида уйғунликнинг йўқлиги ҳам сир эмас.

 Яна бир жиҳат, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига доир табиий офатлар хавфи тўғрисидаги маълумотларни олишнинг деярли имкони йўқ. Табиий офатларни хариталаш, фавқулодда ҳолатларда ҳаракат қилиш режалари, мойилликларни баҳолаш, тайёргарлик режалари ёки GIS қувватлари ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмагани боис, аниқ тафовутларни аниқлашда қатор қийинчиликлар юзага келади. Табиий офатлар оқибатида етказилган зарарлар бўйича доимий статистика жамлаб борилмайди.

Фермерларни табиий офатлар хавфидан суғурта қилиш кўрсаткичлари ҳам юқори эмас. Экинларнинг тахминан 30 фоизигина турли хилдаги суғурталар билан қопланади, чорва молларини суғурталаш ҳолатлари эса бармоқ билан санарли. Тўғри, суғурта кўрилган зарарни қоплашга асослангани боис, тўловларни амалга ошириш узоқ давом этадиган текшириш тартиб-таомилини талаб қилади. Аммо бу жараённи фаол амалга оширишнинг вақти келди. Боиси, индексларга асосланган муқобил суғурта имкониятлари нафақат битимларни тузиш билан боғлиқ харажатларни камайтириш орқали, балки тўловларни амалга оширишнинг янада шаффоф йўллари билан янги имкониятлар эшигини очиши мумкин.

Замонавий технологияларни қўллаш даври келди

Олиб борилган тадқиқотлар давомида ана шундай камчиликларни аниқлаш янги таҳлилларга асос бўлди. Аммо асосий эътибор барибир қишлоқ хўжалигида табиий офатлар хавфини камайтириш ва оқибатларининг олдини олишга қаратилди. Бу борада бирламчи тавсиялар ишлаб чиқдик.

Аввало, юртимизда табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича миллий платформа яратилиши лозим. Табиийки, жараёнга бир қанча ташкилотлар бириктирилиб, уларнинг ўзаро ҳаракатлари мувофиқлаштирилсагина, тизимнинг тезкорлиги ва аниқлагини таъминлаш мумкин. Иқлим ўзгаришига мослашишнинг кенг қамровли, умуммиллий асосларини жорий этиш, табиий офатлар хавфини камайтиришни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш тармоқ режалари ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияларига интеграция қилиш зарур.

Жараёнда, албатта, инстутиционал асосларни такомиллаштириш талаб этилади. Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтлари кўплаб йўналишларда изланишлар олиб боряпти. Уларни амалиётда қўллаш ҳам натижа бериб, юртимиз қишлоқ хўжалиги охирги йилларда рақамлашиб бораётган замонавий тармоқлардан бирига айланди. Бу жараёнда табиий офатлар хавфини камайтиришга оид тадқиқотлар сонини ҳам оширишга талаб юқори. Уларни олдиндан аниқлаш, хавф-хатарга қарши ўз вақтида чора-тадбирларни қўллаш деҳқон ва фермерларнинг табиий офатдан кўриши мумкин бўлган зарарларини кескин камайтиради.

Бунинг учун, аввало, табиий офатлардан эрта огоҳлантириш тизимини такомиллаштириш зарур. Бу ўз ичига мазкур ҳодисаларни доимий баҳолаб бориш, аниқ мониторингини юритиш, тизимни рақамлаштириш кабиларни олади. Агрометереология хизматларини кўрсатишда ҳам замон талабларига мослашишнинг даври келди. Юртимизнинг исталган бурчагидаги деҳқон ёки фермер об-ҳаво маълумотларидан бевосита фойдалана олиши, метеорологик кузатувлар даврийлигини ошириш, жумладан, қисқа ва узоқ муддатли прогнозлашни кўпайтириш лозим.

Таҳлиллар олиб бориш ва мониторинг ишлари ҳеч қачон эскирмайдиган тадқиқотлар сирасига киради. Улар фақат замон талабларига мослаштириб борилади, холос. Яъни, бу тизимни рақамлаштириш улардан фойдаланиш имкониятларини янада оширади. Шу жиҳатдан, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида табиий офатлар хавфини камайтириш борасида ўтказилган таҳлил жуда кўп масалаларга ойдинлик киритади.

Ишлаб чиқилган таҳлил-ҳисобот асосида маълумотлар базасини яратиш, юртимиз бўйлаб Глобал жойлашув тизими (GPS) бўйича зоналаштириш ва хариталашни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу эса яқин келажакда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигида табиий офатларни аниқлаш бўйича тажрибали давлатлар қаторига қўшилишига замин яратади.

Азиз НУРБЕКОВ,

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг

Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа миллий координатори