«Автойўлинвест» агентлиги директори ўринбосари Аслиддин Исаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Тошкент–Самарқанд пулли автомагистрали лойиҳаси тафсилотлари билан ўртоқлашди.
Унинг айтишича, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 2,25 миллиард долларга баҳоланмоқда. Йўл қурилиши доирасида 140 километр ҳудудда тупроқни мустаҳкамлаш, 7,2 километрда тош-шағалли устунлар билан мустаҳкамлаш, 132,8 километрда эса бўш тупроқни қум-шағал аралашмаси билан алмаштириш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида 12 та транспорт боғламаси, 60 та туннель типидаги ўтиш жойи, 91 та кўприк, 16 та йўл ўтказгич ва 258 та сув ўтказиш қувури қурилиши режалаштирилган.
Қурилиш ишлари якунлангач, пойтахтдан Самарқандгача бўлган масофани босиб ўтиш вақти 2–2,5 соатгача қисқариши кутилмоқда.
Исаевнинг таъкидлашича, лойиҳа бўйича йирик инвестор-компаниялар билан музокаралар якунланган ва ҳозирда молиялаштириш шартлари бўйича шартнома олди муҳокамалари олиб борилмоқда.
— Яқин вақт ичида амалий қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган. Лойиҳага Хитойнинг йирик инвесторлари, жумладан дунёнинг топ-100 талигига кирувчи компаниялар қизиқиш билдирмоқда, — деди у.
Маълум қилинишича, пулли автомагистралда 12 та кириш ва чиқиш пункти бўлади. Йўл тўлиқ рақамлаштирилиб, кечаю кундуз ишлайдиган интеллектуал транспорт тизимлари билан жиҳозланади.
Трасса Тошкент шаҳри Сергели туманидаги катта ҳалқа йўлидан бошланиб, Самарқанд вилоятида тугайди ва мавжуд автомобиль йўлига параллел равишда ўтказилади.
Шунингдек, мамлакатда Тошкент–Андижон ва Тошкент–Чорвоқ йўналишларида ҳам пулли автомагистраллар қурилиши режалаштирилмоқда. Хусусан, умумий узунлиги 314 километр бўлган Тошкент–Андижон йўли қурилиши натижасида водийга бориш вақти ҳозирги 5–6 соатдан тахминан 2–2,5 соатгача қисқариши мумкин.
Тошкент–Чорвоқ йўналишидаги пулли йўл эса 52 километрни ташкил этиб, қурилиш якунлангач ҳаракат вақти 80 дақиқадан 35 дақиқагача камайиши кутилмоқда. Бу эса ҳудуддаги транспорт тирбандликларини камайтириш ва туризмни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Пулли автомагистраллар қурилишини беш йил ичида якунлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, трассалар лойиҳа тўлиқ тугалланишини кутмасдан, босқичма-босқич фойдаланишга топширилиши ҳам мумкин.