АОКАда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова иштирокида ўтказилган брифингда бу ҳақда батафсил маълум қилинди.
Таъкидланишича, инсоният водород энергетикасининг афзалликларини анча олдин англаб етган, бироқ йирик саноат кўламида ундан ёқилғи сифатида фойдаланиш йўлга қўйилмаган. Бунга сабаб ер юзида водород тоза ҳолда учрамайди, кимёвий бирикмалардан ажратиб олинган водород эса қазилма углеводородлардан анча қиммат.
Қайта тикланувчан энергия манбалари қўлланилишининг ривожланиши “яшил водород” олиш учун шароит яратди, янги технологиялар ривожланиши эса олинадиган водороднинг арзонлашиб боришига сабаб бўлмоқда. Бунда қайта тикланувчи манбалардан олинган энергия ҳисобига электролиз усули билан сувни парчалаб олинади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтини ва Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Марказ ва республиканинг бошқа илмий ва ўқув муассасалари олимлари томонидан водород энергетикаси йўналишида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар водород ишлаб чиқариш, сақлаш, узатиш ва ундан энергия заҳираси сифатида фойдаланиш технологияларини ривожлантириш, янги технологиялар яратишга йўналтирилган бўлиб, шу жараёнларнинг арзонлашувига олиб келишига қаратилган. Бунга ҳозиргача водород технологияларида қўллаб келинаётган қимматбаҳо ва нодир материаллар ўрнига арзон материаллардан фойдаланиш, янги кашф этилган қотишмалар ёки янги структурали моддалар (мисол учун, графен), нанотехнологиялардан фойдаланиш орқали эришиш кўзда тутилган.
Ҳозирга қадар инновацион ривожланиш вазирлиги водород энергетикаси технологиялари соҳасини ривожлантириш мақсадида водород соҳасида фаолият юритаётган ёш олим ва мутахассисларнинг хорижнинг етакчи илмий муассасаларида стажировка ўташини молиялаштирмоқда. Институтининг қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида амалий ишланмаларни яратишга қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида вазирлик томонидан 4 та лойиҳа доирасида жами 1,78 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилди. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат техника университетининг “Муқобил энергия манбалари (водород энергетикаси)” мутахассилиги қабул квотаси оширилди ва 3-курсдан бошлаб шу мутахассисликнинг 10 тасини “Водород энергетикаси” йўналишига ихтисослаштирилди. Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан иқтисодиёт тармоқларида “яшил” водород технологияларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тажриба-синов қурилмаларини барпо этишга таъсирчан имтиёзларни жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
2022 йил 25 майда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Водород энергетикаси технологиялари соҳасида водородни олиш, сақлаш ва ташиш технологияларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари дастури” Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди. Дастурга мувофиқ, қуёшнинг мужассамлашган ёруғлик оқимининг иссиқлиги таъсирида ва катализаторлар ёрдамида водород олиш технологияси яратилади ва унинг асосида 1700 градусгача ҳароратда термокимёвий усулда водород олиш қурилмасининг тажриба намунаси ишлаб чиқилади. Сувни электролиз усулида парчалаб, водород газини ажратиб олиш жараёнида қўлланиладиган маҳаллий хомашёдан катализатор турлари яратилади. Водород газини сақлашга мўлжалланган маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда металгидридлар намуналари яратилади ҳамда уларда сақланаётган водородни ажратиб олиш ва қўллаш технологияси ишлаб чиқилади. Аммиак ва водородли ёқилғи элементларидан фойдаланган ҳолда водород газида ҳаракатланувчи транспорт воситасининг тажриба намунаси ишлаб чиқилади. «Яшил водород” ёқилғисидан иссиқлик ва электр энергиясини олишга мўлжалланган тажриба-пилот қурилмаси яратилади. Водород энергетикаси технологиялари сoҳасига оид стандартлар, регламентлар, қоидалар ишлаб чикиш ва уларни қўллаш бўйича услубиётлар яратилади.