Июль анъанавий равишда республикадаги энг иссиқ ой ҳисобланади. Ўртача кундузги энг юқори ҳаво ҳарорати 35–37 даража, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 38–40 даражани ташкил этади. Шу билан бирга, деярли ҳар йили кучли иссиқ тўлқинлари кузатилиб, ҳарорат 40–42 даража, айрим жойларда эса 43–45 даражагача кўтарилади.

Сўнгги йилларда мамлакатда ўта иссиқ кунлар сони барқарор ортиб бормоқда. Ўтган ўн йилликдаги барча июль ойлари иқлимий меъёрдан иссиқроқ бўлган, уларнинг тўққизтаси эса метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ўнта июль ойи қаторидан жой олган.

Синоптиклар прогнозига кўра, июльнинг биринчи ўн кунлиги охирига келиб кундузги ҳаво ҳарорати 37–40 даража, жанубий ҳудудларда эса 41–43 даражагача кўтарилади. Ой охиригача ҳарорат 33–38 даражадан 38–43 даражагача ўзгариб туриши, шимолий, чўл ва жанубий ҳудудларда айрим жойларда эса 45 даражагачаетиши мумкин.

Июль ойининг ўртача ҳарорати иқлимий меъёрдан 1,5–3 даража юқори бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ой асосан қуруқ об-ҳаво билан ўтади: ёғингарчилик меъёрдан кам бўлади, фақат айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ҳамда момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Мутахассислар мамлакат аҳолисига узоқ вақт давомида тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида қолмасликни, етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилишни ҳамда, айниқса, болалар, кексалар ва сурункали касалликларга чалинган инсонлар саломатлигига алоҳида эътибор қаратишни тавсия этмоқда.