Видеоконференсалоқа форматида ўтган ушбу учрашувда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси вакиллари чет эллик шерикларнинг саволларига жавоб беришди.
Тадбирда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш масалалари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий компанияларни ташвишга солаётган бошқа муаммолар муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р. Алимов, Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси президенти Шадаб Аҳмад Хон, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакиллари, шунингдек, манфаатдор мамлакатимиз ва чет эл компаниялари иштирок этди.
Очиқ ва конструктив суҳбат давомида республиканинг кўрсатилган идоралари раҳбарияти ва мутахассислари барча саволларга атрофлича жавоблар, шарҳлар ва муҳим тавсиялар беришди.
Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбариятига очиқ ва конструктив мулоқот, тадбиркорлик тузилмалари фаолиятида юзага келадиган муаммоларни муҳокама қилишга тайёрлик учун миннатдорлик билдирди. Бундай мавзуга доир маслаҳатлашувлар амалиётини давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.