Соғлиқни вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган ушбу нуфузли анжуманда икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари, дипломатик корпус вакиллари, Ҳиндистоннинг етакчи хусусий тиббиёт марказлари ҳамда йирик фармацевтик корхоналар раҳбарлари иштирок этди. 

Халқаро анжуман аввалида икки давлатнинг тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Шундан сўнг форумни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов кириш сўзи билан очди.

Қайд этилганидек, Ҳиндистон биз учун ишончли ҳамкор, стратегик шерик. Мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали муносабатлар кейинги йилларда мустаҳкамланиб боряпти. БМТ, ШҲТ каби халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик алоқаларимиз кенгаймоқда.

Икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган мулоқоти халқларимиз манфаати йўлида барча соҳаларда шерикликни юқори даражада ривож топтиришга хизмат қилаётир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 январь куни бўлиб ўтган “Ҳиндистон — Марказий Осиё” биринчи саммитидаги нутқи ҳаммамизнинг ёдимизда. Ўшанда давлатимиз раҳбари Ҳиндистон билан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиш орқали, бу мамлакатнинг илғор тажрибаси, билим ва технологияларини кенг жорий қилиш асосида инсон капиталини ривожлантиришни энг биринчи стратегик устувор йўналиш сифатида эътироф этганди.

Чиндан ҳам, Ҳиндистон тиббиёти дунё рейтингида юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Шу боис бу ерда тиббиёт туризми жадал ривожланмоқда. Юқори технологик операциялар, соҳага инновацион технологияларни жалб қилиш йўналишларида ҳинд мутахассисларидан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп.

Шундан келиб чиққан ҳолда, кейинги йилларда ҳиндистонлик ҳамкорлар билан биргаликда мамлакатимизда қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда бу давлатнинг йирик ва нуфузли клиникалари билан биргаликда 10 дан зиёд тиббиёт муассасалари фаолияти йўлга қўйилган.

2022 йилда “NEPHROCARE HEALTH” компанияси билан давлат-хусусий шериклик асосида Нукус шаҳрида 150 ўринли, Боғот ва Урганч туманларида 250 ўринли гемодиализ марказлари ишга туширилиб, 12 млн. доллар миқдорида инвестиция киритилди. Ушбу компания куни кеча Тошкент шаҳрида ҳам 160 ўринли гемодиализ марказини ишга туширди.

Бундан ташқари, 2020 йилдан буён Самарқанд шаҳрида 10 млн. долларлик инвестиция ҳисобига ташкил этилган “Зармет Пратикша”нинг 180 ўринли клиникаси фаолият олиб бормоқда.

Ўтган йили 10 млн. доллар сармоя ҳисобига “AAKASH” компанияси 100 ўринли клиникасини очди.

Юртимиздаги 11 та тиббий олий таълим муассасаси ва соҳага ихтисослашган 74 та коллежда таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг катта қисмини ҳиндистонлик йигит-қизлар ташкил этади.

Жорий йилда Деҳли ва Ҳайдаробод шаҳарларида Тошкент тиббиёт академиясининг ваколатхоналари очилди.

Ҳар йили 200 дан ортиқ мутахассисларимиз Ҳиндистоннинг етакчи клиникаларида малака ошириб қайтаётгани ҳам ижобий натижа. Шу йил якунига қадар 1000 нафардан ортиқ тиббиёт ходимларимизни билим ва маҳоратини ошириш учун ушбу мамлакатдаги етакчи илмий-тадқиқот марказлари ва клиникаларга жўнатиш белгиланган.

Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш соҳасида Ҳиндистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида вирусолог врачлар тайёрлаш дастурини бошлаш, аюрведа таълимотлари ва йога амалиёти ҳамда Ибн Сино рисолалари асосида замонавий соғлиқни сақлаш ютуқларини тўлдириб турадиган анъанавий тиббиёт усулларини жорий қилиш борасида ўзаро келишувлар мавжуд. Халқаро форум ана шу ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим қадамлардан биридир.

Форумда онлайн иштирокчилар — Ҳиндистон соғлиқни сақлаш ва фаровонлик вазирлиги масъулларига сўз берилди. Маърузачилар ўз чиқишларида тиббиётнинг асосчиси — буюк табиб ва аллома Абу Али Ибн Синонинг Ватани бўлган Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан мамнун эканлиги, шу маънода бугунги халқаро анжумандан катта натижалар кутаётганини қайд этди.

Сўнг Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат ушбу мамлакатнинг Аюш ва портлар, денгиз ва сув йўллари вазири Сарбананда Соновалнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Ахатов ҳам онлайн сўзга чиқиб, ушбу анжуман икки давлат ўртасида тиббиёт соҳаси бўйича алоқаларни янги босқичга кўтаришини айтиб ўтди.

Тадбирда мамлакатлараро тиббий ҳамкорликни кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш, тиббий туризмни ривожлантириш, инвестициявий лойиҳалар қамровини кенгайтириш, тиббий таълимда қўшма дастурларни амалга ошириш, халқ табобати йўналишига доир қатор масалалар муҳокама этилди.

Халқаро форум доирасида тиббиёт соҳасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашдаги ҳиссаси учун қатор Ҳиндистон вакилларига “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони ҳамда вазирлик ташаккурномаси топширилди.

Шунингдек, бир гуруҳ ҳинд иштирокчилар Ўзбекистонда тиббий таълим, шифокорлар малакасини ошириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мамлакатимиз тиббиёт олий ўқув юртларининг “Фахрий профессори” унвонлари билан тақдирланди.

Иштирокчилар куннинг иккинчи ярмида муҳокамаларни икки гуруҳга бўлинган ҳолда давом эттиришди. Тиббиётда таълим ва илм-фан трансформацияси биринчи гуруҳ кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Иккинчи гуруҳ йиғилишида фармацевтика ва аюрведа, замонавий тиббий технологиялар, давлат-хусусий шериклик ҳамда тадбиркорлик масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

Якунда ҳиндистонлик ҳамкорлар билан умумий қиймати 300 миллион долларга тенг 100 дан ортиқ меморандум ва шартномалар имзоланди.