Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу учрашувда сўнгги йилларда республикамизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Ўзбекистонни глобал ишлаб чиқариш занжирларига қўшилиши мақсадида қилинаётган ишлар тўғрисида сўзлаб берилди.

Марк Фено қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзгаришларга юқори баҳо бериб, ушбу йўналишда икки томонлама истиқболли ва ўзаро манфаатли ташаббусларни ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Хусусан, икки томонлама ҳамкорлик доирасида чорвачилик ва сут чорвачилиги, қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳат хизматлари ва агроозиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги техникаси каби йўналишларни ривожлантиришга келишилди.

Француз томони юртимизда бизнес оқимларини, биринчи навбатда сут ва гўшт маҳсулотлари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва савдосини ташкил қилиш ва бошқа масалаларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Томонлар Ўзбекистонда Франциянинг илғор тажрибаси асосида экинларни суғурталаш тизимини тадбиқ этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қуйишга ҳам келишиб олди.

Вазирлар Франциянинг қишлоқ хўжалигида маслаҳат хизматлари соҳасидаги замонавий усулларини ўрганиш мақсадида ўзбекистонлик мутахассисларни ушбу мамлакатга ташрифини ташкил қилишини қўллаб-қувватлади. Таълим ва тадқиқот йўналишларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишга келишилди.

Чорвачилик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида жорий йил француз чорвачилик мутахассисларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилади.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Франция ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма баёнот қабул қилинди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, қишлоқ хўжалиги ва сувдан фойдаланишни ривожлантиришга бағишланган Қишлоқ хўжалиги вазирларининг 15-Берлин анжуманида дунёнинг 60 дан ортиқ давлати ва бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ва бошқалар иштирок этмоқда.