Бухоро давлат университети тадқиқотчиси Зиёдулла Нуров Италиянинг етакчи иқтисодчи олимларидан ташкил топган ихтисослашган кенгашда ўз диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди ва иқтисодиёт бўйича PhD илмий даражасига лойиқ деб топилди.
Тадқиқотчининг диссертацияси нусхалари Милан ва Флоренция шаҳарларидаги илмий кутубхоналарига жойлаштирилди.
Зиёдулла Нуров Эрасмус+ академик мобиллик дастури доирасида Италиянинг Аквила университетига (Times рейтингида 501-600 гуруҳида) илмий сафарга юборилиб, унинг илмий изланишлари италиялик олимларда қизиқиш уйғотганлиги сабабли, унинг PhD диссертацияси учун қўш раҳбарликни амалга ошириш таклиф қилинган эди.
Имзоланган келишув асосида диссертацияга Аквила университетидан профессор Луиджи Биджиеро, Бухоро давлат университетидан Аброр Жўраевлар илмий раҳбар сифатида тайинланди.
30 октябрь куни Бухоро давлат университети илмий кенгашида университет ректори О. Хамидов Зиёдулла Нуровга PhD дипломини топширди ва келгуси илмий ишларида муваффақият тилади.
Ректор айни пайтда Испания университетлари докторантурасига яна икки нафар тадқиқотчи қабул қилингани, хорижий ҳамкорлар билан қўш раҳбарлик асосида диссертациялар тайёрлаш ишлари давом эттирилиши ва қўллаб-қувватланишини маълум қилди.