2022 йил 15 декабрда Нью-Йоркда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ Бош котибининг сиёсий ва тинчлик ўрнатиш масалалари бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло билан учрашув ўтказди.
Учрашувда БМТ бош котибининг ўринбосари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 октябрда Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича VI саммит давомида илгари сурилган БМТ шафелигида Афғонистон бўйича халқаро музокаралар гуруҳини ташкил этиш ташаббуси мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Р.ДиКарло Ўзбекистон Президентининг Афғонистон масалалари бўйича кенг келишувга эришиш ва глобал миқёсда амалий чоралар кўришга қаратилган ташаббусини олқишлади. Шу билан бирга, у Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласини ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. У Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида мазкур муҳим ташаббусни фаол илгари суриш, юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини шакллантиришнинг концептуал ва ҳуқуқий асосларини имкон қадар тезроқ шакллантириш бўйича биргаликда ишлашга тайёрлиги тасдиқланди.
Р.Дикарло Ўзбекистон ташаббусининг амалга оширилиши Афғонистонда, шу жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инклюзив ҳукуматни шакллантириш ва бошқа соҳаларда халқаро ҳамжамиятнинг талаблари рўёбга чиқишига ёрдам беришига умид билдирди.
Томонлар Афғонистон бўйича халқаро музокаралар гуруҳини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини масаласини илгари суриш бўйича мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.