Жорий йил Тошкент давлат иқтисодиёт университети ташкил этилганига 90 йил тўлди. Илк бор 1931 йил Ўрта Осиё молия-иқтисод институти номи остида ўз фаолиятини бошлаган бўлса, мана қарийб бир аср бўлибдики, ҳануз мамлакатимиз тараққиёти йўлида хизмат қиладиган етук кадрларни етиштириб беришдан тўхтагани йўқ. Бугун ушбу олий ўқув юрти тантанали юбилейини кенг нишонламоқда.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг ривожланиш тарихига назар солар эканмиз, университет бугунги кунгача бўлган вақт мобайнида ўзида жуда катта ўзгаришларни бошидан ўтказди. 1963—1991йилларда Тошкент халқ хўжалиги институти номи билан танилган ва 1991 йил 19 июндан бошлаб иқтисодиёт унивеситети мақомига эга бўлди.
Университетимизда бугунги кунда 512 нафар профессор-ўқитувчилар таълим беради. Шундан 54 нафари фан доктори бўлса, 153 нафарини фан номзодлари ва PhD даражасига эга педагог-ходимлар ташкил этади. ТДИУнинг собиқ битирувчилари орасида амалда юқори ташкилотларда нуфузли лавозимларда фаолият юритиб келаётган бир қатор вазирлар, қўмита раислари, вилоят ҳокимлари ва чет элда фаолият олиб бораётган профессор олимларни фахрланиб ёдга олсак, арзийди.
Таълим даргоҳида жами 18 нафар профессор устозлар ректорлик вазифасида фаолият олиб боришган ва И.У.Халиков (1931-1934й.) илк ректорлик вазифасида ишлаган бўлса, амалда т.ф.д., проф. К.А.Шарипов университетимизда талабалар учун кўплаб имкониятлар яратиб бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан биргаликда ички таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Бизларга қарата: “Албатта, бизнинг талабаларимиз дунё талабалари билан беллаша олади”, дея ишонч билдирганлари фикримнинг исботи десам муболаға бўлмайди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг мамлакатимиз ва жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнига алоҳида аҳамият берадиган бўлсак, 90 йиллик катта тажрибаси, таълим бериш методикаси ва ўзига хос анъанавий илм даргоҳи сифатида узоқ ва ёрқин тараққиёт йўлини босиб ўтди. Унинг муносиб эътироф этилиши, ўз ўрнида, талабаларимизнинг бутун дунёда ҳар томонлама ютуқларга сазовор бўлаётганлиги билан ҳам алоҳида баҳоланади. Негаки, бу барча давомли эришиб келаётган муваффақиятларимиз Президентимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, улкан туб бурилиш ясаган янгича ёндашувлар, демократик жамият инфратузилмасининг ривожи ва айниқса, таълимга қаратилаётган юксак эътибор натижасидир десам, муболаға бўлмайди.
Бугунги кунда университетда дунёнинг турли мамлакатларидан талабалар келиб таҳсил олишмоқда. Айни кунда 5 та факультет ташкил этилган бўлиб, улар: Иқтисодиёт факультети, Молия ва бухгалтерия ҳисоби факультети, Корпоратив бошқарув факультети, Халқаро туризм ва Рақамли иқтисодиёт факултетьларидан иборат. Шу билан биргаликда, 9 та қўшма таълим дастури, магистратура ва сиртқи таълимда жами 15 487 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Университетимиз билан ҳамкорлик қилиб келаётган қатор халқаро олий таълим муассасалари ректорлари ҳам катта тантана муносабати билан самимий тилакларини йўллашди. Жумладан, Урал давлат иқтисодиёт университети ректори Яков Силин, Индонезиянинг UNWAHAS университети ректори Мудзакир Али, Уфа давлат нефть-техника университети ректори Олег Баулин, Малая университети ректори Мохд Хамди абд Шукур, Австрия Кремс амалий фанлар университети ректори Ҳениз Боер, М.Ризкулбеков номидаги Қирғизистон иқтисодиёт университети ректори Алмаз Кадировлар мазкур юбилей муносабати билан олий таълим соҳасида илмий алоқаларни жадаллаштириб, ҳамкорлик истиқболларини янада мустаҳкамлаш асносида улкан муваффақиятлар тилаб қолишди. Бу, албатта, бардавом ҳамкорлик ҳамда бизга берилган юксак эътироф десак, муболаға бўлмайди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Васийлик кенгашининг 2020 йил 18 декабрдаги 6-сонли баённомасида акс этган чора-тадбирлар йўл харитасига мувофиқ, 2021 йил 26 ноябрда университет 90 йиллигини шонли нишонлашга бағишланган “Янги Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий-инновацион йўналишлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва вазирликлари вакиллари, иқтисодиёт йўналишидаги вазирликлар, иқтисодий йўналишдаги хорижий ва маҳаллий олий ўқув юртлари олимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Илмий маъруза тарзида ўтказилган тадбирда конференция иштирокчилари томонидан Янги Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий-инновацион йўналишлари; Франциянинг туризм соҳасидаги тажрибаси ва уни Ўзбекистонга татбиқ этиш йўллари; Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш; Университетлар инновациялари ва технологиялари трансферининг катализаторлари сифатида намоён бўлиши; Марказий банкнинг рақамли валютадаги инновация ва халқаро иттифоқлар платформа инфратузилмасини кенгайтириш масалалари каби долзарб мавзулар кенг муҳокама қилинди.
Бундан ташқари ушбу конферецияда халқаро ва маҳаллий экспертлар, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда бошқа олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот марказлари олимлари томонидан амалга оширилган илмий тадқиқотлари натижасида шаклланган таклиф ва тавсиялар кенг муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари томонидан жами 20 дан зиёд маъруза ва чиқишлар қилиниб, халқаро ташкилотлар вакиллари ва республика иқтисодиёт секторидаги мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва изланувчилари ўз фикрлари билан ўртоқлашишди. Мулоқот натижасида конференция кун тартибидаги масала юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли вазирликлар ва ташкилотларга киритилиши ҳамда амалиётга жорий қилиниши белгилаб олинди.
2013 йилдан бошлаб ҳозирги кунда қадар Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузурида “Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг илмий асослари ва муаммолари” илмий тадқиқот маркази фаолият юритиб келяпти. Устозим, университет проректори, марказ директори, профессор Мухиддин Калонов фаолиятининг илк кунидан бошлаб, оз фурсат ичида иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш ҳамда мамлакатимизда ижобий ўзгаришларга сабаб бўладиган ўзгача ёндашувларни амалга ошириб келмоқда ва бу ислоҳотларнинг амалдаги ижроси яққол далилдир. Қолаверса, ўз соҳасининг етук мутахассиси, кучли тажрибали олим, халқаро эксперт, шу билан бирга, жонкуяр раҳбар десак, айни ҳақиқатдир. Бундай олийжаноб инсонга шогирд бўлганим, бу мен учун катта бахт деб ҳисоблайман.
Қисқача айтганда, Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” сари илдам қадам қўймоқда. Негаки, унивеситетимизда бўлаётган ўзгаришлар ижобий баҳоланмоқда. Бу йил университетимиз QS рейтингига 4 та йўналиш бўйича рўйхатга кирди. Сентябрь ойида университетларнинг рейтинг бўйича Лондонда бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон университетларидан 10 таси репортёр сифатида қайд этиб ўтилди ва бизнинг Тошкент давлат иқтисодиёт университетимиз ҳам айнан мана шу олий таълим муассасалари жумласига кириши биз учун катта ютуқ бўлди. Топ 100 таликка кирган университетлар билан ўқув-илмий алоқаларни амалга ошириш бўйича кескин ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
ТДИУнинг 90 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда яна бир қувонарли хушхабар янгради. Ҳаммамиз учун қадрли ва азиз бўлган устозимиз, академик Қаландар Абдураҳмоновнинг “Управление человеческими ресурсами организации” китоби Халқаро китоблар кўргазмасида муносиб ўрин эгаллади. Устоз олим ушбу китоб учун Буюк Британия ҳамда Россия Федераиясининг юксак мукофоти — Олтин орден ва Китоблар кўргазмаси Олий даражадаги лауреати бўлди.
Яқинда 25, 26, 27 ноябрь кунлари мамлакатимиз миқёсида университетимиз ўзининг шонли 90 йиллик юбилейини кенг қамровли нишонлади. Юбилей университетимиз барча ходимлари ва талабалар иштирокида кўтаринки руҳда ташкил этилди ва кўплаб меҳмонлар иштирокида талабалар учун турли хилдаги инновацион тадбирлар, заковат интеллектуал шоулари, спорт мусобақалари, китобхонлик фестивали оммавий ташкил этилди. Қатнашчилар пул мукофотлари, эсдалик совғалар ва дипломлар билан муносиб тақдирландилар. Дастур давомида сўзга чиққан хорижлик меҳмонлар билан фикр алмашиниш жараёнида маҳорат дарслари амалга оширилди ҳамда улар бизнинг олий масканимиз ҳақида илиқ фикрлар билдиришди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов иштироки давомида самимий табриклаб, келгусида каттадан-катта муваффақиятларга эришиб, дунё ҳамжамиятида муносиб ўринлар эгаллашимизга ишонч билдирди ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг битирувчилари фаолият юритаётганини ҳисобга олган ҳолда, университетимизда Бошқарув факултетини очиш таклифини бериб ўтди. Бу университетимиз босиб ўтган 90 йиллик илм-фан йўлининг маҳсулидир.
Шахсан мен иштирокчи сифатида катта таассуротларга эга бўлдим. Уч кунлик байрам мен учун унутилмас жараёнларга бой бўлди ва ижобий таассуротлар қолдирди. Мен ушбу олий даргоҳида таълим олаётганимдан ҳамиша фахр ҳиссини туяман ва келгусида ТДИУ бутун дунё тан оладиган кучли кадрларни етиштирадиган халқаро миқёсидаги етакчи олий таълим муассасалари сафидан жой олишига ишонч билдираман. Зеро, университетимиз “Ўзбекистоннинг Гарварди”, дея юксак эътироф этилиши бежизга эмас.
Феруз ҲАКИМОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Молия ва бухгалтерия ҳисоби
факултети 2-босқич талабаси