Ташриф доирасида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Ризо Асадов, Мирали Ҳамроев, Аҳрор Ғуломов ва бошқа мутасаддилар иштирокида музокаралар ўтказилди.

Хусусан, Исроил давлатининг илғор замонавий технологияларга асосланган юқори сифатли қопламалар (иссиқхона плёнкалари, тўрлари ва бошқа зарур жиҳозлари) ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик «Ginegar Plastic Products» компанияси томонидан «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Маълумот ўрнида: Исроилнинг «Ginegar Plastic Products» компаниясига 1969 йилда асос солинган бўлиб, АҚШ, Бразилия, Исроил, Италия ва Ҳиндистон давлатларида ўз ишлаб чиқариш корхоналарига эга. Шунингдек, компания томонидан халқаро тан олинган Ginegar бренди остида дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатларидаги мижозларга хизмат кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга, Исроил давлати билан соғлиқни сақлаш тизимида ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Исроил давлатида меҳнат фаолиятини олиб бораётган, ишлаб ўз юртига қайтиб келган Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларига ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Мулоқотда келгусида Исроил ва Австриядаги компаниялар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ташқи савдо кўламини кескин ошириш масалалари хусусида ҳам сўз борди.

Ўз навбатида, Бухоро вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси ҳамда Исроил ва Австрия давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар йўналишлардаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди, деб хабар беради Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.