Жорий йилнинг 10 июль куни Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида ИННОПРОМ-2023” Халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Кўргазмага ташриф буюрувчиларнинг қарийб 80 фоизини бутун дунёдан профессионал харидорлар, ишлаб чиқаришга янги маҳсулот ва технологияларни жорий этиш бўйича қарор қабул қилувчи саноат корхоналари мутахассислари ташкил этади.

Бугунги кунда кўплаб мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиётининг деярли барча жабҳаларида хорижий ҳамкорлар билан саноат турлари жадал ривожланаётганлигини инобатга олган ҳолда, “ИННОПРОМ-2023” Халқаро кўргазмасида Ўзбекистон Республикасининг қатор иқтисодиёт тармоқларидан вакиллар ўзларининг ишлаб чиқариш маҳсулотлари билан ягона “Made in Uzbekistan” Ўзбекистон миллий стенди остида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги кўмагида ташкиллаштирилган Ўзбекистон Республикасининг миллий стенди иқтисодиётнинг 8 та тармоғи бўйича юртимизнинг экспорт салоҳиятини намойиш этмоқда.

“Made in Uzbekistan” стенди иштирокчилари орасида Маданият ва туризм вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги, "Ўзкимёсаноат" АЖ ҳамда “ИТ Парк Узбекистан” каби компаниялар мавжуд.

Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари томонидан мамлакатимизнинг бой маданий мероси ва туризм имкониятлари, шунингдек, юртимизда сўнги йилларда ушбу соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга доир маълумотлар берилмоқда.

Халқаро кўргазмада иштирок доирасида вазирлик вакиллари иштирокчиларга жорий йилнинг 15-17-ноябр кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ва унда қандай шартлар асосида иштирок этиш юзасидан батафсил маълумотлар берилмоқда.