Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов сўзга чиқиб, «AOIKAI Medical Corporation» билан ҳамкорликда республикамизнинг травматолог ва ортопедлари Япония тиббиётининг илғор тажрибасини ўрганиш бўйича амалиёти ташкил қилингани катта аҳамиятга эга эканлиги хусусида атрофлича тўхталди.

Маросим иштирокчилари мамлакатимизда 2022 йил «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» эълон қилингани, юртимизда ижтимоий соҳаларга, айниқса, соғлиқни сақлаш жабҳасига алоҳида эътибор берилаётгани билан яқиндан таништирилди.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов коронавирус пандемияси натижасида постковид касалликлар, хусусан «остеонекроз» касаллиги кузатилаётганлигини қайд этар экан, бу борада япон шифокорларининг ташхис қўйиш усуллари, консерватив ва жарроҳлик йўли билан даволаш йўналишлари бўйича амалиёт ўташ ҳамда тажриба алмашиш долзарблиги тўғрисидаги фикрларини ўртоқлашди. У «AOIKAI Medical Corporation»нинг тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва япон ортопедлари билан ўзаро муносабатларини кенгайтиришдан манфаатдор бўлишини қайд этди.

Ўз навбатида, «AOIKAI Medical Corporation»нинг «AOI Hachioji Hospital» фахрий раҳбари Ясумаса Шираи ва «Iryo Sousei» университети проректори Хажиме Сатонинг ҳам нутқлари тингланди. Улар ўзбекистонлик ортопедлар томонидан корпорация муассасаларида амалиёт ўташи доирасида соҳа бўйича мураккаб жарроҳлик операциялари билан танишиш имконияти ҳам яратилганлигини маълум қилди.

Маросимдан сўнг амалиётчилар корпорациянинг Кавасаки шаҳрида жойлашган «AOI Universal Hospital» шифохонасида япон ортопедлари томонидан ўтказилган тиза емирилиши кассалиги бўйича жарроҳлик операциясини бевосита кузатди.

Шунингдек, ҳамюртларимиз тиббиёт муассасаси бошқарилиши тизими, замонавий лаборатория ва тиббий ускуналаридан фойдаланиш усуллари билан ҳам танишдилар.

«AOI Universal Hospital» директори Ёшиюки Фукукава ва Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов ўртасида бўлиб ўтган учрашув доирасида ўзбекистонлик мутахассисларнинг амалиёт ўташлари ва қўшма илмий лойиҳаларни ташкил этиш юзасидан музокаралар олиб борилгани баробарида икки муассаса ўртасида амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Япониянинг энг илғор тиббий муассасалардан бири - Токиодаги «Nippon Medical School» шифохонасида ҳам республикамиз ортопедлари бир кун амалиёт ўташлари ҳамда Япония Ташқи ишлар вазирлигида ҳамкорлик йўналишлари ва истиқболли режаларни муҳокама қилиш бўйича юқори даражадаги учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган, деб хабар беради «Дунё» АА.