Ҳар йили анъанавий ўтказиладиган Пусан халқаро кўргазмаси махсус туризмни тарғиб этиш ва маркетинг фестивали бўлиб, коронавирус пандемияси туфайли уч йиллик танаффусдан сўнг биринчи маротаба уюштирилди.
Кўргазмада дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан туризм соҳасидаги ташкилотлар, маҳаллий сайёҳлик компаниялари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, саёҳат, ҳаво қатнови ва меҳмонхона бизнеси соҳасида фаолият юритувчи хорижий ташкилот ва компаниялар вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкил этилган юртимиз тарихи, бой маданияти ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган Ўзбекистон миллий стенди кўплаб ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Миллий стендда ҳунармандчилик, заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, ипакчилик ва бошқа халқ амалий санъати намуналари, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий ва меъморий мероси, мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, шунингдек, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга оид видеофильмлар намойиш этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистонда туризмнинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, тадбиркорлик, ёшлар ва оилавий каби янги турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди.
Кўргазма иштирокчиларига видеоматериаллар намойиши орқали Ўзбекистоннинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги замонавий кўнгилочар марказлар, ўзбек миллий таомлари ва бошқа мавзуларда маълумот берилди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида барпо этилган «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази имкониятлари тўғрисида ҳам видео ва тарқатма материаллар тақдим этилди.
Ўзбекистон кўргазмаси томонидан меҳмонларга корейс ва инглиз тилларида ранг-баранг буклетлар ва бошқа ахборот материаллари, эсдалик совғалари топширилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон стендига ташриф буюрувчилар иштирокида маҳаллий оммабоп ижтимоий тармоқларда «#Uzbekistan», «#visituzbekistan» шиори остида акция ташкил этилди. Натижада, кўргазма давомида юзлаб хорижий обуначилар ўзларининг интернетдаги саҳифаларида Ўзбекистон ҳақидаги суратларни жойлаштирди, деб хабар беради «Дунё» АА.