Ушбу учрашув Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минихоновнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи (жорий йилнинг 16-17 июнь кунлари), шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» AЖ делегациясининг Татаристон Республикасига ташрифи давомида (2021 йил 23-26 июнь кунлари) белгиланган келишувларни амалга ошириш мақсадида ўтказилди.
Унда нефть ишлаб чиқариш, нефть-кимё соҳасидаги ҳамкорлик борасида музокара ўтказилди.
Бошқарув раиси «Ўзбекнефтгаз» AЖ мутахассисларининг малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини яратиш ва кичик тоннали газ кимёси бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имзоланган «Йўл харитаси» доирасидаги масалалар муҳокамасига эътибор қаратди.
Бундан ташқари, геологик-қидирув, қудуқларни қайта ишлаш, қудуқларни бурғилаш, кадрлар тайёрлаш, ишлаб чиқариш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, «Татнефт» компанияси–нефть ва газ қазиб олиш, нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, шиналар мажмуаси, ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, энергетика, ишлаб чиқариш борасида нафақат Россиядаги, балки жаҳондаги йирик нефть компанияларидан биридир.
Дўстона руҳда ўтган учрашувдан кўзланган асосий мақсад нафақат компаниялар, балки бутун минтақа ва мамлакат ишлаб чиқариш саноатида ижобий натижаларга биргаликда эришиш эканлиги билдирилди.
Компанияларнинг масъул мутахассислари ва «Ўзбекнефтгаз» AЖ ва «Татнефт» компанияси доимий қўшма «Ишчи гуруҳ»ининг маслаҳатлашувларидан сўнг, биргаликда ишлаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларнинг қамраб олган кенгайтирилган «Йўл харитаси» тасдиқланади, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.