Мамлакатимизнинг Римдаги элчихонаси томонидан «Ўзчармсаноат» уюшмаси, Ўзбекистон ва Италиянинг терини қайта ишлаш, чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш компания ва корхоналари вакиллари иштирокида видеоконференция шаклида қатор учрашувлар ўтказилди.

Тадбирлардан мақсад Ўзбекистон чарм ва пойабзал маҳсулотларини Италия ва Европанинг бошқа мамлакатларига экспорт ҳажмини кўпайтириш, шу билан бирга «Ўзчармсаноат» уюшмасининг Италияга чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорт салоҳиятини ошириш концепциясини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат бўлди.

Ўтказилган музокаралар натижасида Италиянинг «Antonio Cuture» ва мамлакатимизнинг «Angren Charm Invest» компаниялари ўртасида алоқалар ўрнатилиб, экспорт бўйича шартнома имзолаш масаласи ишлаб чиқилди.

Музокаралар натижасида жорий йил 8 февралда «Antonio Cuture» ва «Angren Charm Invest» компаниялари ўртасида халқаро эксклюзив экспорт шартномаси имзоланди.

Ҳужжатга кўра, «Antonio Cuture» компаниясига «Angren Charm Invest» корхонаси томонидан ишлаб чиқариладиган чарм маҳсулотларини нафақат Италия, балки Европанинг барча давлатлари бозорларига эксклюзив равишда экспорт қилиш ҳуқуқи тақдим этилди. Бундан ташқари, «Antonio Cuture» Ўзбекистон маҳсулотларини Италия ва Европа бозорларида реклама қилади, шу жумладан, халқаро кўргазмаларда намойиш этиш орқали илгари суради ҳамда «Angren Charm Invest» манфаатларини ҳимоя қилади.

Шартнома доирасида ўзбек маҳсулотларининг экспорти Италия ва Европа бозорларига 2021 йил март-апрель ойларидан бошланади.

Шу билан бирга «Antonio Cuture» раҳбарияти карантин чекловлари туфайли киритилган тақиқлар бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистонга ташриф буюриб, «Angren Charm Invest» корхонаси билан ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш ҳамда янги инвестициявий лойиҳа ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказишни режалаштирган, деб хабар беради «Дунё» АА.