Ўзбекистон Республикасидан хорижий давлатларга экспорт қилиниши режалаштирилган помидор ва қалампир маҳсулотларида “Помидор жигарранг бужмайиш вируси” касаллиги учрашининг олдини олиш бўйича Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси доимий равишда фитосанитар чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Хусусан, лаборатория текширувидан ўтказиш орқали республикадаги барча помидор ва қалампир маҳсулотлари етиштирилаётган иссиқхоналар рўйхати шакллантирилиб, фитосанитария талаблари асосида импортёр давлатларга тақдим этиб келинмоқда.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 26 ноябрида “Помидор бужмайиш вируси” сабабли Республиканинг айрим ҳудудларига Россия Федерацияси томонидан вақтинчалик тақиқ жорий этилган бўлса-да, “Ўздавкарантин” инспекцияси ҳамда “Россельхознадзор” хизмати ўртасида олиб борилган қатор музокаралар натижасида 2020 йилнинг 18 декабридан экспорт жараёнлари давом этмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотларнинг импортёр давлатлар томонидан қўйиладиган фитосанитария талаблари асосида экспортга юкланиши ва бу борадаги ҳамкорлик давомий бўлишида нафақат Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, балки тадбиркор ҳамда экспортёрлар ҳам бирдек масъулдирлар.

Шу боисдан, мазкур вируснинг ҳудудда тарқалмаслиги ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига жиддий зарар етказишининг олдини олиш ва уни бартараф этиш мақсадида “Ўздавкарантин” инспекцияси барча тадбиркорларни огоҳлик ва ҳамкорликка чақиради.

Россия ва Қозоғистон каби давлатлар талабларига асосан, эндиликда, помидор ва қалампир маҳсулотларининг ҳар бир қадоғи устида экспортёр корхона ва маҳсулот етиштирилган иссиқхонанинг номи, манзили, маҳсулот номи кўрсатилиши лозим, деб ҳисобланади. Чунки, “Ўздавкарантин” инспекцияси инспекторлари томонидан расмийлаштирилаётган фитосанитария сертификатида маҳсулот етиштирилган фермер хўжалиги, корхонанинг номи, дала ёки иссиқхонанинг манзили кўрсатилади. Бу эса республикадан экспортга чиқарилаётган маҳсулотларнинг фитосанитар ҳолати ҳақида импортёр давлатларга маълумот етказиш ва маҳсулотлар ортга қайтарилиши ёхуд эътирознома яъни нотификация юборилишининг олдини олиш ҳамда “Помидор жигарранг бужмайиш вируси”нинг Республика ҳудудида тарқалиш ҳолатларини бартараф этади. Шунингдек, бу каби талабларга қатъий амал қилиниши дунё бозорида Ўзбекистон мева-сабзавотлари мавқеини барқарор сақлаш, импортёр давлатларнинг ўзбек маҳсулотлари сифатига ишончини оширишга хизмат қилади.

Тадбиркорлар вирусдан холи маҳсулотларни етиштириш ва экспортга юклаш мақсадида қуйидагиларни ташкил этишлари лозим:

  • барча иссиқхоналарнинг ўзида намуналарни ҳудудий Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари ёрдамида ўрнатилган тартибда марказий карантин лабораторияси орқали олдиндан ПЗР (полимераз занжир реакцияси) текширувидан ўтказиш;
  • экспортёрлар маҳсулотларни экспортга юклашдан олдин унинг вирусдан холи эканлигини аниқлаш мақсадида помидор етиштирилган ҳудудларнинг фитосанитар тозалиги тўғрисида ПЗР текшируви хулосалари олинганлигини иссиқхона ходимидан сўраши;
  • помидор ва қалампир етиштирувчилар кўчатларни экишдан олдин, кўчат экувчилар эса уруғларни экишдан олдин ПЗР анализидан ўтказишлари;
  • уруғ ва экиш материалларини импорт қилмоқчи бўлган тадбиркорлар йил охиригача импорт қилиниши режалаштирилган ҳудудларнинг манзилини кўрсатган ҳолда электрон мурожаат этишлари мақсадга мувофиқ;
  • шунингдек, вирусдан холи эканлигини тасдиқловчи ПЗР хулосасига эга бўлган иссиқхона ва дала майдонларида етиштирилган маҳсулотлар экспортга юкланишидан бир кун олдин тадбиркор ҳудудий Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига электрон тарзда мурожаат қилиши лозим. Бунда, инспектор маҳсулот экспортга тайёрланиши жараёнида иштирок этади ҳамда фитосанитария сертификатини жойида расмийлаштириб беради.

Эслатиб ўтамиз, маҳсулот етиштирилган дала ва иссиқхонанинг вирусдан холи эканлигини тасдиқловчи таҳлилдан сўнг рўйҳатга кўшилиб, кейинги экспорт жараёнларида қайта текширувлардан ўтказилмайди.

“Ўздавкарантин” инспекцияси

ахборот хизмати