Дастлаб Корея Миллий спорт университети Президенти бошчилигидаги делегация вакиллари ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети раҳбарияти ўртасида учрашув ташкил этилди.

Унда Корея Миллий спорт университети Президенти жаноб Ёнгкю Аҳн ва унинг рафиқаси Ким Мира хоним, университет декани Хил Эун Баэ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор Махмуджон Болтабаев, университет профессори Баек Мун Жонг, проректорлар, факультет деканлари, кафедра мудирлари ОАВ вакиллари ҳамда ёзги олимпия ўйинлари чемпионлари Акбар Жўраев, Руслан Нуридиновлар иштирок этди.

Учрашув давомида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илм-фан ва амалиётни интеграция қилиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, келажакда ўқув-машғулотларни илмий асосда ташкил қилиш ва мураббийлар малакасини ошириш ҳамда талабалар ва ходимлар алмашинуви каби долзарб масалаларда фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ўз навбатида икки томон вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Корея Миллий спорт университети ўртасида халқаро муносабатларни ўрнатиш бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Ташриф якунида фахрли меҳмонлар университет раҳбарияти бошчилигида олийгоҳ ҳудудидаги мавжуд спорт иншоотлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.