АОКАда ўтказилган брифингда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов бу ҳақда маълум қилди.

Маълумотларга кўра, айни пайтгача тизим корхоналарида жами 1336 та энергия тежовчи ва муқобил энергия манбалари қурилмалари ўрнатилди. Натижада 2022 йилнинг 8 ойида 1,2 млн. кВт.соатга тенг электр энергияси ва 62 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилди, 140 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинишига эришилди.

Ҳозирда, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ томонидан “Фарғона ИЭМ” АЖда қуввати 1800-2000 кВт ва “Сирдарё ИЭС” АЖда қуввати 1200-1500 кВт бўлган қуёш фото электр станцияларини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

2022 йил якунига қадар тизимда жами қуёш фотоэлектр станцияларининг ўрнатилган қуввати 3300 кВтга етказилади ва натижада йилига ўртача 8 млн.кВт қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда қарийб 1,2 млн. куб метр табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.

Шунингдек, 2023-2024 йилларда иссиқлик электр станцияларнинг ички ҳамда ёндош ҳудудларидаги бўш ер майдонларида 30-40 МВт ва ундан юқори қувватли қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.

Унга кўра, “Сирдарё ИЭС” АЖда 40 МВтли, “Муборак ИЭМ” АЖда 30 МВтли, “Тўрақўрғон ИЭС” АЖда 15 МВтли ва “Толимаржон ИЭС” АЖда 43 МВтли қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши иссиқлик электр станцияларининг ўз эҳтиёжлари ва хўжалик эҳтиёжлари учун сарфланаётган электр энергиясини муқобил энергия манбалари ҳисобидан қоплаш имкониятини яратади. Натижада йилига ўртача 200 млн. кВт.соат электр энергияси ёки 21,0 млн. куб метр табиий газ иқтисодига эришилади.