Пиёда юриш бошқаларга ҳам одат бўлсин, дея ижтимоий тармоқдаги саҳифам ва телеграм каналимда бу ҳақда кичик-кичик хабарлар ёза бошладим. Шундан сўнг 10 минг қадам юришга қизиқувчилар кўпайди. Ҳатто ўша иловани ўрнатиб беришимни сўраб, маслаҳат солганлар бўлди. Уларга қўлимдан келганча ёрдам бердим.
Иссиқ кунлар тугаб, куз, сўнг қиш бошланди. Аммо юришни тўхтатмадим. Кўпинча шерик бўлмаса ҳам ўзим юравердим. “Қиш куни бўлса, иссиқ уйда маза қилиб ётмайсизми”, деганлар ҳам бўлди. Йўқ, юриш одатингизга айланса, уйда ўтира олмай қолар экансиз.
“Мен – маърифатсизман!”
2021 йил декабрь ойида адабиётчи Раҳимжон Раҳматнинг ижтимоий тармоқда ёзган шу гапи менга қаттиқ таъсир қилди: “Бизда бой ва камбағалнинг битта ўхшаш томони бор — иккаласи ҳам семиз, чунки иккаласиям маърифатсиз”.
Менинг ҳам вазним 110 кило эди. “Токи озмас эканман, ўзимни маърифатли санай олмайман”, дея ўзимга-ўзим сўз бердим.
Касбдошим Отабек Муҳаммадийга кўпчилик юришга чиқмаяпти, деб ёзғирсам: “Бизнинг дардимиз — овқат. Кўп овқат еган одамга кўп ҳаракат ёқмайди”, дея жавоб қайтарди. Бу гап қанчалик аччиқ бўлмасин, лекин ҳақиқат эди.
Ўша кунлари мен билан бирга ишлайдиган бир опа турмуш ўртоғи семизлик ортидан қанд касали ва инсульт бўлиб қолганини айтди. 53 ёшида ишламай, уйда ўтирибди экан. Бу гап менга “огоҳлик қўнғироғи” бўлди.
Мана шу воқеалардан сўнг ортиқча вазним борлигини тан олдим ва бу оғир оқибатларга олиб келишини англадим.
Тан ва руҳиятим тозарди
Мана, ортиқча вазнсиз кунларим бошланди-ю, танам яйраяпти, кайфиятим, руҳиятим кўтарилди, яшашга бўлган иштиёқим ошди. Аввал бирор юмушни бажаришга ҳафсалам бўлмасди. Энди ҳаммаси яхши томонга ўзгарди. Ҳар бир ишни зўр иштиёқ билан бажаряпман.
2021 йил май ойида вакцина олиш учун қон босимимни ўлчатгандим: 140 га 100 чиқди. Кардиолог дори ёзиб берди, ичдим, фойдаси бўлмади. Бир ойдан сўнг такрор ўлчатдим. Ўзгариш йўқ. Вазним ортиб, қоним қуюқлашиб, ферментларим ошиб кетгани учун ҳам шундай бўлаётган экан. Ҳозир қон босимим 120 га 80. Яъни соғлом давримдагидай.
Тез озаётганимни кўрган дўстларим бирор касаллик орттириб оласан, дея мендан хавотирга тушди, бу ҳолат жигарни зарарлаши ва ўт пуфагида тош йиғилишига олиб келиши мумкин эмиш. Ички аъзоларимни УТТ қилдиришни маслаҳат беришди. Йўқ демадим: жигар, ўт пуфаги ва буйрагим яхши экан. Аввалги йиллари УТТчи жигарим катталашгани ва ёғ босганини айтганди. Бир дунё дори ҳам ичиб кўрганман, аммо фойдаси бўлмаган. Ортиқча вазним камаяётгани учун энди бу хавф йўқ.
Оч юрмадим. Овқатланишни тартибга солдим, камайтирдим, нон ва нон маҳсулотлари, шакар ва ширин егуликлар, аччиқ нарсалардан тийилдим, холос. Мендан хавотир олганларни тинчлантирдим: ҳаммаси жойида.
Шу тариқа жорий йил 10 январдан қатъий парҳезга ўтдим. Кунига 2-3 литргача сув ича бошладим. Натижада 2 ой ичида 13 кило ортиқча вазндан қутулдим. Ҳозир 97 киломан. Мақсадим
85 килога тушиш.
Хуллас, соғлом ҳаётни бошладим. Бу ёғига нафсимни жиловлаб, шу тартибда яшамоқчиман. Нафсимни енгмасам, нафс мени енгади.
Пиёдалар клубини туздик
2022 йил январь ойида маҳаллий сайтлардан бирининг мухбири Илёс Сафаров мен билан кечки сайрга чиқиш истагини билдирди. Икковлашиб юра бошладик. Юришимизни рамзий маънода ҳамда бошқаларга ўрнак бўлар ё туртки берар, деган мақсадда “Пиёдалар клуби”, деб номладик.
Клубимиз аъзолари ҳар куни 10 минг қадам юришни, фақат ва фақат соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади. Бошқа ҳеч қандай мақсадни кўзламайди. Биз адабий-бадиий, ижодий-маданий, ижтимоий-сиёсий, спорт ва соғлом ҳаёт ҳақида суҳбатлашамиз. Кейин-кейин сафдошларимиз сони ортди: Беруний Алимов, Сарвар Очилов, Ғиёсиддин Ўнар, Шоди Отамурод, Сардор Усмоний, Сурайё Сатторова.
Биз фақат юриш билан чекланиб қолмасдан, сув ҳавзасида сузишни ҳам йўлга қўйдик. “Бўрижар спорт” сузиш ҳавзасига кунора ё уч кунда бир сузишга боряпмиз. Масалан, ўзим ҳар борганда 25 метрли бассейннинг бу бошидан у бошига 30 марта бориб келяпман. Яъни, 1,5 чақирим сузяпман. Шунинг ортидан белимдаги диск чуррам оғримай қўйди. Яна бир дард мендан чекиняпти.
Олий мақсад
Инсульт касалини бошидан ўтказган ёзувчи акамизга шифокори кунига 7 чақирим юришни тавсия қилибди. Шунда одам соғлом бўлар экан. 7 чақиримни қадамларга ўгириб кўрсам, бу 10 минг қадамлик йўл бўларкан. Демак, одам касал бўлмаслик учун ҳам ҳар куни шунча йўлни босиб ўтиши шарт.
Бизнинг олий мақсадимиз — пиёда юришни халқимиз орасида кўпроқ тарғиб қилиш. Миллат танаси, гени ва руҳини соғломлаштиришга ҳисса қўшиш.
Ватандошларимизга бундай дегим келяпти: юришни худди уч маҳал овқатлангандай, кундалик одатга айлантиринг. Ишонинг, бу қийин эмас. Эплайсиз. Юрсангиз, соғлом бўласиз, дардлар сизни четлаб ўтади, қонингиз суюқлашади, қон босимингиз меъёрлашади, миянгиз яхши ишлайди. Бош ғийбат ва ёмон фикрлардан тозаланади, юракка тоза ҳаво киради. Кўп овқат ейиш дардини унутинг, китоб ўқишга одатланинг ва маърифатли одам бўлинг.
Биз ўзгаришимиз керак. Учинчи Ренессанс остонасида қорин қайғусидан ақлий камолот йўлига ўтишимиз зарур. Шунда соғлом ва кучли миллатга айланамиз, иншааллоҳ.
Фозил ФАРҲОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
раисининг матбуот котиби